Иқлим ўзгариши: олимлар бонг уришмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келгуси ҳафта Глазгода бўлиб ўтадиган иқлим саммитига ташкилот экспертлари томонидан тайёрланган иқлим ўзгариши бўйича янги ҳисоботни “қўрқинчли сигнал” дея атади.

Ҳисоботда қайд этилишича, кўрилаётган чора-тадбирлар глобал исишга қарши курашиш учун мутлақо етарли эмас. Нью-Йоркда нутқ сўзлаган Гутерриш иқлим инқирози бутун инсониятга таҳдид солаётганини айтди:

- Дипломатик майда-чуйдалар вақти ўтди. Ҳукуматлар, айниқса Г20 мамлакатлари зарур саъй-ҳаракатларни бошламаса, даҳшатли инсоний азоб-уқубатлар олдини олиб бўлмайди. Қолаверса, углеродга асосланган эски ривожланиш модели иқтисодиёт ва сайёрамиз учун ҳалокатли эканлигини барча мамлакатлар тушуниши керак.

Дунёнинг 120 та давлати 2030 йилга бориб ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 1,5 даражадан ошмаслиги учун иссиқхона газлар чиқаришни 7,5 фоизга камайтириш ниятида. Ваҳоланки, олимлар зарарли газ чиқаришни 55 фоизга камайтириш кераклигини таъкидлашмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, агар бир қатор мамлакатлар 2050 йилга бориб атмосферага чиқинди ташлашни нолга тенглаштириш режаларини амалга оширса, глобал ҳарорат 2,2 даражага кўтарилади. Аммо ушбу режалар етарлича аниқ ва муайян эмас.