Иссиқхонадаги маҳсулотни зараркунандадан қандай асраш мумкин?

Жорий йилда Самарқанд вилоятида 71 гектар майдонда иссиқхона ва 21 гектарда лимонхоналар ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда вилоятимиздаги мавжуд иссиқхоналарда асосан помидор, бодринг, ширин ва аччиқ қалампир, саримсоқпиёз, кўкатлар, карам ва бошқа турдаги экинлар экилмоқда. Аммо экинлар мавсумда (кузги тунлам, симқурти, нематодалар, помидор занг касали, ўргимчаккана, ширалар, куя, оққанот ва ғовакловчи пашша, гама тунлами) каби турли зараркунандалар туфайли ҳосилдорлик камаяди. Бундан ташқари, (фузариоз ва вертицилёз сўлиш, фитофтороз, қўнғир доғланиш, кулранг чириш, бодринг ва тамаки мозаикаси) каби касалликлар туфайли ҳосилнинг 60-70 фоизи йўқотилади.

Хўш, иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотларни бундай зараркунандалардан қандай асраш мумкин?

Бунинг учун иссиқхоналарда учровчи зарарли организмларнинг тур таркиби, уларнинг доминат турлари, тарқалиш ареали ва биэкологик ривожланиш хусусиятлари ҳамда уларга қарши уйғунлашган кураш усуллари бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар фитосанитария назоратини кучайтириб, бундай зараркунандаларга қарши курашмоқда. Иссиқхоналарда экинларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, сифатли ва юқори ҳосил олиш чоралари кўрилмоқда.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби.