Италиянинг йирик банки делегацияси бозор шароитларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга келади

Бу бўйича Ўзбекистоннинг элчиси ҳамда Италиянинг энг йирик — "Интеза Санпаоло"нинг Халқаро шўъба банклари директори Жанлука Тиани билан учрашувда маълум қилинган.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида банк хизматлари йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

"Интеза Санпаоло" вакили Ўзбекистоннинг банк соҳасидаги ислоҳотларини юқори баҳолаб, мамлакат саноати ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юксак салоҳияти, уларни ривожлантиришда молия хизматлари билан кўмаклашиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.

Шу мақсадда "Интеза Санпаоло" Ўзбекистон бозорининг шароитларини ўрганиш мақсадида банк делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга келишилган.

Айтиб ўтиш жоизки, "Интеза Санпаоло" бозор капиталлашуви бўйича Европада учинчи ва Италияда биринчи (52,3 миллиард евро) ўринни эгаллайди. 2023 йилдаги соф даромади – 7,7 миллиард еврони ташкил этган.

Италия банки Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари ва Мисрда 12 та шўъба банкларига эга. Бундан ташқари, дунёнинг турли мамлакатларида 3 та корпоратив банк, 14 та бўлинма, 2 та марказий филиал, 9 та ваколатхона ҳамда Хитойнинг "Циндао банки"да 17,5 фоиз акцияларга эгалик қилади.