Жамбулдаги автобус авариясида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди
Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 20 апрель куни юз берган автобус аварияси оқибатида жабрланган тўққиз нафар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон ФВВ самолёти билан Ватанга олиб келинди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, тунги соат 02:00 да улар Қозоғистондан реанимобилларда Ўзбекистон ФВВнинг махсус борти қўнган Бишкек (Қирғизистон)га олиб келинган. Самолёт маҳаллий вақт билан 04:00 да Тошкентга учган, дея хабар бермоқда газета.уз.
Ватанга қайтариб олиб келинган фуқаролар рўйхати:
- Аббос Ўлжабоев, 21.01.1994 йилда туғилган;
- Умирбек Ҳайитбоев, 22.06.1985 йилда туғилган;
- Радмила Аҳмедова, 05.08.1994 йилда туғилган;
- Отабек Матчонов, 22.04.1985 йилда туғилган;
- Дўстджон Сейтмуротов, 22.02.1987 йилда туғилган;
- Сардор Ҳайдаров, 09.05.1994 йилда туғилган;
- Марис Илёсов, 1974 йилда туғилган;
- Насриддин Мамбетов, 09.05.1971 йилда туғилган;
- Шодлик Жабборов, 25.12.1984 йилда туғилган,
Транспортировка қилишга рухсат берилмагани боис, Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси — Марҳамат Жуманиёзова (16.08.1996 йилда туғилган) Тароз шаҳар касалхонасида шифокорлар назоратида қолмоқда. ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олмаган икки ўзбекистонлик — Заводбек Муҳимжонов (21.04.1999) ва Исломиддин Абдусатиров (8.01.1997 йилда туғилган), шифокорлар кўригидан ўтгач, воқеа жойига етиб келган қариндошлари ҳамроҳлигида Олмаотага кетган.
Ўзбекистоннинг уч фуқароси жасади Қўрдай марказий туман касалхонасининг ўликхонасида қолмоқда:
- Ўринбой Абдухолиқов, 04.11.1993 йилда туғилган;
- Алишер Калмуротов, 30.12.1988 йилда туғилган;
- Дилором Ёрмекбоева, 1972 йилда туғилган
Шахсини расмий аниқлаш жараёни ўтказилганидан сўнг, Қозоғистон томони жасадларни Ўзбекистон чегараси («Жибек жўли» — «Ғишткўприк» НЎП)гача транспортировка қилиб берилишини таъминлайди. Ўзбекистон Бош консуллиги вакили тегишли керакли кўмак кўрсатиш учун Қўрдай қишлоғида бўлиб турибди.
Куни кеча Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари Абдулла Қўлдошев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси аъзолари Қўрдайга ташриф буюрган эди.
Эслатиб ўтамиз, салонида 49 нафар йўловчи бўлган автобус иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 11 киши, жумладан, 3 нафар Ўзбекистон ва 8 нафар Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлган, 30 нафар киши тан жароҳати олган эди.
Ҳодиса муносабати билан Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига, Қосим-Жўмарт Тўқаев эса Ўзбекистон давлат раҳбарига ҳамдардлик билдирди.