Жарқудуқликлар даштда ҳам иссиқхона ташкил этиш мумкинлигини исботлади
Нуробод тумани ҳақида гап кетса, одатда, кенг далалар, яйлов ва адирлар, чорвачилик билан шуғулланаётган чўпон-чўлиқлар кўз олдимизга келади.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳудуд жиҳатидан Самарқанднинг энг катта тумани саналган Нуробод аҳли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Суғориладиган 600 гектар майдонда пахта, 2 минг гектарда ғалла етиштирилса-да, деҳқончилик, асосан, лалмикор ерларда бўлади.
Томорқа – эътиборда
Кейинги йилларда юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари Нурободда ҳам боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш, томчилатиб суғориш асосида сабзавот ва полиз экинлари парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аввало, аҳоли ўз томорқасида ҳудуд учун анъанавий бўлмаган қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш билан шуғулланмоқда.
– Бугунги кунда туманимиздаги 37 маҳалла фуқаролар йиғинида 25 минг 86 нафар томорқа ер эгаларига 1200 гектарга яқин экин майдонлари бириктирилган, – дейди Нуробод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Дўстмуродов. – Ушбу томорқа ерларининг 82 гектарида ўтган йил август-сентябрь ойларида тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилган бўлса, 954 гектар ерда баҳорги экинлар парваришланмоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда аҳолига уруғлик, кўчат, минерал ўғит ва бошқа масалаларда ёрдам бериш учун иккита “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган. Улар тегишли соҳалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан бирга ўзлари масъул бўлган маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, томорқадан самарали фойдаланишда аҳолига зарур амалий ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, 46 нафар имконияти чекланган ва кам таъминланган томорқа ер эгалари ҳамда иш билан банд бўлмаган аҳоли 21 та кўмаклашувчи фермерга бириктирилди. Айни пайтда бошқа ҳудудларда бўлгани каби бизда ҳам иккита маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашди. Бу йил бундай маҳаллаларни яна кўпайтиришни режалаштирганмиз. Бизда ҳам чўл ва дашт шароитида иссиқхоналар ташкил этиш анъанаси шаклланмоқда. Шу пайтгача аҳоли хонадонларида ҳар бири бир сотих бўлган 180 та енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этилган бўлса, бу йилнинг ўзида имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 120 та шундай иссиқхона қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, аҳолининг ўзи ҳам имкониятига қараб, иссиқхоналар ташкил этиб, доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Қишлоқдаги биринчи иссиқхона
4200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Жарқудуқ қишлоғида одамлар асосан чорвачилик билан шуғулланса-да, айни пайтда бу ердаги ҳовлиларда катта-кичик иссиқхоналар пайдо бўлди.
– Қарийб 25 йил хўжаликда раҳбар бўлиб ишладим. Лекин бизда ҳам иссиқхона қилиш мумкинлигини ўйлаб кўрмаган эканман, – дейди Тошниёз Раҳимов. – Бошқа туманларга борганимда ҳавас қилардим-у ўзимизда ташкил қилишга ҳафсала ёки қунт қилмасдим. 2008 йилда таваккал қилиб, ўз ҳовлимда лимонарий қурдим. Шу соҳада тажрибаси бор кишилар маслаҳати билан беш сотих майдонни 2,5 метр чуқурликда ковлаб, табиий иситиладиган иссиқхона ташкил этдик. 85 туп “Мир” навли лимон кўчати келтириб экдим. Тавсиялар бўйича парваришладик, болалар қараб туришди. Аммо шунда ҳам кўп ҳафсала қилмагандим. Икки-уч йилдан кейин эди чамаси, қарасам иссиқхонада лимон пишиб турибди. Шундан завқим келиб, қилса бўлар экан-ку деб, бутун меҳрим билан шу ишга киришдим. Аслида, лимон етишириш учун кўп меҳнат ҳам талаб қилинмас экан. Вақтида озуқасини бериб, суғориб, парваришлаб турсангиз, кифоя. Фақат қачон, қайси шохларини кесишни, касалликларга қарши ишлов беришни билсангиз бўлди. Биз ҳам бошида бу ишни мутахассислар ёрдамида бажарган бўлсак, ҳозир ўзимизнинг қўлимиздан келади. Ҳар йили ўртача 4,5-5 тонна ҳосил оляпмиз.
Иссиқхонадан яхши даромад олиш мумкинлигини кўрган Тошниёз ака 2019 йилда ҳовлисида 20 сотих майдонда иккита иссиқхона қурди.
– Бу гал иссиқхоналарни ерни ковламай, юзада қурдик, – дея сўзида давом этади тажрибали томорқачи. – Чунки уларни бодринг, помидор ва бошқа сабзавот экинлари етиштиришга мўлжаллаганмиз. Андижондан иссиқхона учун кўмирга мўжалланган қозонхона келтириб ўрнатдик ва иситиш тизими яратдик. Ўтган йил дастлаб помидор, кейин бодринг экиб, бу соҳада ҳам тажриба орттирдик. Шу йилнинг январь ойида бодринг эккандик, 12 мартдан ҳосилни теряпмиз. Июнь ойигача 28-30 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бу шу ҳосилнинг ўзидан ўртача 150 миллион сўм даромад дегани. Тўғри, бу ишнинг ҳам ўзига яраша харажати, заҳмати бор. Лекин даромад харажатдан бир неча баробар кўп. Асосийси, оила аъзоларимиз барчаси ишли, бекорчи йўқ. Болалар ёшлигидан пешона тери билан меҳнат қилиб, нон топишни ўрганади. Яна тўрт нафар қишлоқдошимиз шу ерда иш билан банд. Шу пайтгача бизда чорвадан бошқаси бўлмайди, деб юрганимизга афсус қиламан. Ҳали ҳам ана шундай фикрда бўлган қишлоқдошларимга иссиқхонамизни кўрсатиб, йўл-йўриқ кўрсатаман.
Карантин пайтидаги фойдали меҳнат
Жарқудуқда Тошниёз акадан ўрганиб, иссиқхона ташкил қилганлар кўпайиб қолди. Бу ердаги кенг-мўл ҳовлиларда бир-икки сотихли эмас, бемалол бундан ҳам катта иссиқхоналар қилиш мумкин.
– Тошниёз акага ҳавас қилиб, биз ҳам 10 сотих майдонда ерни ковлаб иккита иссиқхона қилдик, – дейди Абдумурод Отамуродов. – Лимон экканмиз. Аммо лимон кўчатлари катта бўлиб ҳосилга киргунга қадар помидор, бодринг экяпмиз. Ўтган йил илк бор маҳсулот етиштириб, қарийб эллик миллион сўмлик помидор, бодринг сотдик. Бу йил ҳам даромадимиз ўтган йилгидан кам бўлмайди ва шу билан икки йилда иссиқхона харажатлари ўзини қоплайди. Болаларим билан фикрлашиб, энди бу йил ҳовлимизда яна 30 сотих ерда иссиқхона қуришни ният қилиб турибмиз. Инсон ҳаракат қилса, ҳамма ишнинг уддасидан чиқиши мумкин экан.
Айрим кишилар бизда сув кам, шамол кучли бўлади, иссиқхонадан даромад қилиш қийин дейишади. Йўқ, омилкорлик билан иш тутсангиз бу сабаблар баҳонадан бошқа нарса эмас экан. Масалан, биз иссиқхонана томчилатиб суғорамиз, ҳеч қанча сув кетмайди. Кузда 5 тонна кўмир олгандим, ҳаво совуқ кунлардагина қозонхонани ёқдик, ҳалиям бор. Хуллас, меҳнат қилиб, даромад топаман, деган одам учун иссиқхона жуда қулай экан. Худога шукр, ўғил-қизларим ҳаммаси уйли-жойли, ўзидан тинган. Лекин қараб ўтириб бўлмайди-ку, катта-катта ҳовлилардан фойдаланиш керак-да. Бунинг устига оилада ҳамма бирор юмуш билан банд бўлса, турли хил гап-сўзларга вақт қолмайди, рўзғорда етишмовчилик бўлмайди. Айниқса, бугунги карантин пайтида одамлардан уйда қолиш сўралаётганда, томорқада ишлаш кони фойда.
Бирники мингга, мингники туманга
Шу қишлоқдаги “Қўйбоқар учқур тулпори” фермер хўжалиги раҳбари Нодир Алқоров ҳам нурободликлар фақат чорвачилик билан чекланмаслигини даштда икки гектардан ортиқ майдонда мевали боғ яратиб амалда кўрсатди.
– Бизда одамлар боғ яратиш қийин дейишади ва шунинг учун бу ишнинг бошини тутадиганлар кам, – дейди Нодир Алқоров. – Ёз анча иссиқ келади-да. Лекин вақтида сувини бериб, парвариш қилиб турилса, бизда ҳам боғ яратса бўлар экан. Тўрт йил олдин шу ердан артезиан қудуғи ковлаб, олма, ўрик, бодом, шафтоли сингари ўн турдан ортиқ мевали кўчатлар келтириб ўтқазгандик. Ўтган йил ҳосил бера бошлади боғимиз. Бу йилдан тўлиқ ҳосилга киради. Энди шу ерда 30 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, лимон экмоқчимиз. Меҳнатидан қочмасак, ҳамма ишни уддаласак бўлар экан.
Бирники мингга, мингники туманга, деган гап бор. Жарқудуқликларнинг иссиқхоналар ташкил этаётгани ва бугун бу иш ортидан яхшигина даромад олаётганини кўриб, ана шу гапни эсладик.
Ғолиб ҲАСАНОВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (фото, видео).