Жиноят қидирув ходимига 11 миллион сўм пора таклиф қилган шахс қўлга олинди

23 апрель куни Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида 1959 йил Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган, миллати ўзбек, муқаддам судланган, маълумоти ўрта, оилали, айни пайтда Навоий шаҳри, Меъморлар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Қ. ўзининг бошқарувида бўлган «Матиз» русумли автомашинасини махсус рухсатномасиз Навоий шаҳри Инспекторлар кўчасида бошқариб, таниши – 1990 йил Навоий вилояти Навбаҳор туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, тумандаги Навбаҳор МФЙда яшовчи фуқаро П.Л.га 40 литр дизель ёқилғисини 240 минг сўмга баҳолаб, ноқонуний равишда сотаётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди. Ш.Қ. автомашинасининг юкхонасидан яна 40 литр дизель ёқилғиси ҳамда 5 миллион 960 минг сўм пуллар текшириб кўриш учун холислари иштирокида ҳужжатлаштирилди.

Таассуфки, мазкур қоидабузарлик кескин қонунбузарликни юзага келтирди. Ш.Қ. ўзига узоқ йиллар давомида қўл келган қинғир тажрибасини бу гал ҳам қўллашга уринди.

ИИБ ЖҚБ ходими ҳолат ноқонуний эканлигини бир неча бор тушунтиришига қарамасдан, фуқаро расмийлаштирилган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб беришини сўраб, пора таклиф қилди.

Тушунтириш ишлари самара бермаслигини англаган соҳа ходими ўз вақтида раҳбариятни вазиятдан воқиф этди.

ИИВ ЎХБ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, қоидабузар умумий қиймати 10 миллион 960 минг сўм пулларни ИИБ ЖҚБ ходимига бераётган вақтда тезкор тадбир қатнашчилари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Навоий вилояти прокуратурасига юборилди, деб хабар берди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати.