Жомбойда автостоянка йўқ: Кўчанинг исталган жойи бу вазифани бажаряпти

Сўнгги бир йилда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги муносабатни тартибга солиш борасида дадил ислоҳотлар бўлди. Гарчи уларнинг айримлари (инспекторларнинг видеоқайд этиш қурилмалари билан хизмат олиб бориши каби) вақтида амалга ошмаган, муддати чўзилган бўлса-да, ислоҳотларни инқилобий баҳолаш мумкин.

Тизимда ҳал этилиши зарур бўлган яна бир муаммо борки, уни ечмай туриб, ҳаракат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш қийин. Гап йўл белгилари билан боғлиқ тушунмовчиликлар ҳақида боряпти.

Келинг, буни туманимиз мисолида олайлик. Масалан, темир йўл кесишмаси хавфсизликни таъминлаш борасида энг мураккаб нуқталардан бири. Шукур Бурхонов кўчаси (Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежи) томондан туман марказига ўтиши керак бўлган ҳайдовчи икки хавфга дуч келади. 

Самарқанд шаҳридан келаётган бошқа автотранспорт воситалари зарурат бўлса, темир йўл кесишмаси томон қайрилиб олиши мумкинми? Бу саволга кўпчилик “Йўқ”, деб жавоб беради. Аммо яқин орада “Бурилиш мумкин эмас” ишорасини берувчи йўл белгиси ўрнатилмаган. Бу эса амалда кесишмадан ўтиб келаётган ҳайдовчига биринчи хавфни туғдиради.

Иккинчиси, Жиноят ишлари бўйича туман суди қаршисига ўрнатилган “Тўхташ тақиқланади” белгиси билан боғлиқ. Эътибор берган бўлсангиз, мазкур йўл белгиси остига “100 метр” изоҳи ҳам ёзиб қўйилган. Демак, бундан фақат суд идораси яқинида автоулов тўхташини чеклаш мақсад қилинган. Аслида, анча олдинроқда – “Агробанк” биноси қаршисидан бу тартиб амал қилгани мақсадга мувофиқ эди. Ана шунда темир йўл кесишмасидан ўтиб келган ҳайдовчилар учун иккинчи хатарнинг олди олинган бўларди.

Модомики, гап йўл белгилари ҳақида борар экан, яна бир оғриқли муаммони четлаб ўтолмаймиз. Туман маркази бўйлаб ўтган йўлдаги тартибсизликлар...

Аҳвол светофор яқинидан ҳокимлик биноси қаршисигача давом этиши ачинарли, албатта. Аммо ҳайдовчиларни айблай олмайсиз. Чунки, ҳудудда тўхташ тақиқланмаган. Ҳар ҳолда бундай белгига кўзингиз тушмайди. Борингки, бундай белги ўрнатилган тақдирда ҳам бирор ижобий самара беришига ишониш қийин. Вазият аниқ назоратга олиниб, қоидабузарларга чора кўрилмаса, бундан иш чиқмайди. 

Масалан, йўлнинг нариги томонида худди шундай ишора берувчи белги бор. Аммо ҳеч ким бунга амал қилмайди! Пештоқига “Идора ашёлари”, “Авиа-касса”, “Гўзаллик салони” деб ёзиб қўйилган дўконлар олдида деярли ҳар дақиқада тўхтаб турган автомашиналарга кўзимиз тушади. Ваҳоланки, ўша йўлнинг бошига тақиқловчи белги ўрнатилган. Демак, тақиқ белгиси бўладими-бўлмайдими, назорат йўқ экан, тартиб ҳам йўқ.

Аслида, бу тартибсизликлар Ёшлар боғига элтадиган йўлда ҳам, Арчазор хиёбонида ҳам кузатилади. Аммо ҳозирча, бу вазият масъулларни қизиқтирмаяпти. 

Ўйлашимизча, муаммога ечим бор. Ҳаммаси автотураргоҳ етишмаслигига бориб тақалади. Умуман олганда, Жомбойда “пичоққа илингулик” тураргоҳлар мавжуд эмас. Дарвоқе, яқинда Арчазор хиёбонига кираверишда “P” ишорали белги ўрнатилибди. Фаҳмлашимизча, энди бу ер хиёбон эмас. Манзил айтишда “Арчазор стоянкаси”, деб юритсак ҳам бўлаверади.

Ҳали туман прокуратураси, ИИБ жойлашган кўчада “хизмат автомобилларидан ташқари кириш тақиқланган”ига қарамай, шахсий автотранспорт воситалари қалашиб ётганини айтмадик.

Ўйлаймизки, масъуллар шу каби муаммолар ечимига ҳам вақт топишади.

Орифжон ОДИЛОВ,

Жомбой тонги” мухбири.