Каттақўрғон туманида 8743 гектар майдонда ғалла парваришланди : “Гранд Транс” вилоятда биринчи бўлди
Каттақўрғон туманида бу йил 8743 гектар майдонда ғалла парваришланди ва туман деҳқонлари давлатга 25 минг 139 тонна дон сотиш бўйича шартнома тузганлар.
Ўрим-йиғим ишлари бошланганига кўп бўлмасдан бирин-кетин хўжаликлар давлатга ғалла сотиш шартнома режасини бажаришяпти. Айниқса, тумандаги “Гранд Транс” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги фермер хўжаликлари давлатга ғалла топшириш режасини вилоятда биринчилардан бўлиб ортиғи билан уддаладилар.
Ҳудуддаги 9 та фермер хўжалик ғаллакорлари жорий йил 376 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, ёғингарчилик палласида ҳам ризқ-рўзимизни турли касалликлардан асрай олишди. Туманнинг сув етиб бориши қийин бўлган дашт ҳудудида жойлашган фермер хўжаликлари 4 кунда 188 гектар майдондан эл хирмонига режада 938 тонна ўрнига 1002,8 тонна ғалла топшириб, муқобил машина трактор парклари орасида вилоятда биринчилардан бўлиб давлатга ғалла сотиш шартнома режасини 106 фоизга бажардилар.
- Ҳозирда ҳар гектар майдондан олинган ҳосил 53,5 центнерни ташкил этди ва қолган майдондаги 1000 тоннага яқин ғалла фермерлар ихтиёрида қолиши кутиляпти, - дейди туман ҳокимлиги етакчи мутахассиси Руслан Асаев. – Бу ҳудудда кўп йиллардан буён бундай юқори ҳосилдорлик кузатилмаганди. Бунинг асосий омили сифатида, аввало, нав тўғри танланди. Қолаверса, агротехник тадбирлар ва зараркунандаларга қарши кураш вақтида олиб борилди. Баҳорнинг серёғин келиши ҳам ҳосилдорликнинг юқори бўлишига хизмат қилди. Гуруҳларга бириктирилган комбайнлар ҳосилни қисқа фурсатда, нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга ҳаракат қилишмоқда. Мавсумга жалб этилган ишчи-ходимларнинг моддий манфаатдорлиги ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар иш унумини оширмоқда.
Ў.Худойбердиев.