Коко  - дунёдаги энг ақлли гапира олувчи горилла

Машҳур горилла 2018 йилнинг июнь ойида Калифорнияда 46 ёшида вафот этди. У кўпчилик таъкидлаганидек, кар-соқовларнинг америка тилидаги мингдан ортиқ белгиларини биларди. Коко бу тилни қандай ўзлаштирган эди?

Бу маймун ҳар доим одамлар ва сенсациялар ичида бўлди. Унга гапиришни ўргатган олимлар уни яхши кўриб ҳимоя қилишар, бошқалар эса цирк ҳийласи, улкан алдов деб уни ёқтирмасдилар.

Гориллалар жанговар самарадорлик бўйича табиат томонидан яратилган ҳатто айиқ билан рақобатлаша оладиган ҳайвон бўлишига қарамай, Коко жуда қизиқувчан ва меҳрибон эди. Бу горилла тиш ва панжаларини қурол сифатида эмас, балки бу дунёни тушуниш воситаси сифатида онг билан ишлата олган.

Коко 1971 йилда Сан-Франциско ҳайвонот боғида туғилди ва гўдаклигида дадиллик билан қилинган эксперимент иштирокчисига айланди. Стенфорд университети ходими Пенни Патерсон маймунга гапиришни ўргатишдек имконсиз вазифани бажаришга киришди. У ҳар куни Коко билан шуғулланиб, унга кар-соқовлар тилини ўргата бошлади. Олимлар яхши натижа кутганди, бироқ Коко дастлаб уларни, кейин эса бутун дунёни ҳайратда қолдириб, нафақат 2000 га яқин имо-ишорани ўрганди, ҳатто бу тилда равон гапира бошлади.

Тукли талаба ҳайвонларнинг онги одамлар томонидан етарлича баҳо берилмаганлигини исботлади. Натижада, горилланинг IQ даражаси 95 га тенглаша бошлади. Бу жуда кўп, чунки оддий одамнинг IQ натижаси 90-110 рақамлари орасида, даҳоларники эса 140 дан бошланади. Яъни, ривожланиш нуқтаи назаридан, Коко кўплаб тик юрувчилардан кўра ақлли бўлиб чиқди.

Коконинг 46 йиллик ҳаёти давомида тажриба сир-асрорини очиб ташлашга ҳаракат қилган жуда кўп шубҳа билан қаровчи кишилар ҳам топилди. Улар Кокони одамларга тақлид қилиб юрган "аҳмоқ горилла",  бутун тажрибани эса тадқиқот учун кўпроқ пул олиш мақсадида уюштирилган оддий циркдан бошқа нарса эмас, деб аташарди.

Лекин Коко ҳар сафар осонлик билан бунинг тескарисини исботлади. Суҳбатларда у бўлган воқеаларни осонгина эслар, келажак ҳақида ўйларди. Унинг тилидаги метафорик услуб ҳам ҳайратланарли эди – бир куни у бодрингнинг номини эслолмай, - "менга мана бу яшил бананни бер" деб айтди. Ақл ўткирлигининг энг юқори кўриниши ҳазил бўлиб, тиришқоқ талаба ҳазиллашиб ҳам турарди. Бир куни у ёнидан учиб ўтаётган каптарни кўриб, ўзини “мен ҳам яхши қуш, гориллалар ҳам уча олади” деб айтди, кейин эса шунчаки ҳазиллашганини тан олди. Ёрдамчининг ҳавзада катта линзани юваётганини кўриб, у “кўз сув ичаяпти” деди.

Коко яна... селфи қилишни биларди. 1978 йилда у кўзгудаги аксини суратга туширди. У суратни шу қадар яхши олган эдики, расм “National Geographic” журнали муқовасини безади.

Ўлимидан бироз олдин Коко Ер аҳолисига видеомурожаат билан чиқди:

“Мен горилламан. Мен ўсимликлар, ҳайвонлар номидан... Табиат номидан гапираман.

Коко одамларни севади. Коко Ерни яхши кўради ...

Лекин одамлар нодон... Кечирасиз...

Коко йиғлаяпти... Вақт тугаяпти...

Ерни тартибга келтиринг. Унга жуда кеч бўлмасдан ёрдам беринг.

Табиат сизни кузатмоқда...

Раҳмат..."

Сенга ҳам раҳмат Коко. Ўйлашни ўрганиб, одамларга табиатни ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида гапирдинг. 

Балки, ҳали ҳам кеч эмасдир...

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.