Кўп қаватли уй қуёш билан иситилади

ХХI асрга келиб бутун дунёда глобал исиш хавфи кучайди. Ер юзида иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун анъанавий иссиқлик энергияси ўрнига ноанъанавий, қайта тикланувчи энергия манбаларидан, кўпроқ иссиқлик энергиясидан фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Бунда аҳоли хонадонлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини электр энергияси ва иссиқликка бўлган эҳтиёжини қондириш асосий мақсад ҳисобланади. Ер юзида катта қувватга эга бўлган қуёш энергияси барча ёнувчи фойдали қазилмалардан икки баробар кўплигини инобатга олсак унинг ёрдамида аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналарининг электр энергиясига ва иссиқликка бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мумкин. 

Республикамизда кўп қаватли уйлар, маъмурий ва жамоа бинолари қурилаётганини ҳисобга олиб, иқлимимизга мос бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига биноларни иссиқ ҳаво билан иситишнинг афзаллик томонларини ўрганиб чиқдик. “Инносферапроект” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда илмий тадқиқот ишлари олиб бориб, кўп қаватли уй-жойларни, маъмурий, жамоа биноларини қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда иссиқ ҳаво орқали иситиш тизимларини лойиҳалаштирдик. 

Лойиҳада бинонинг чордоғи (том) ойна (акфа ром) билан ёпилиб ҳаво иситиш агрегатлари ўрнатилади. Улардан чиққан иссиқлик миқдори ҳисобига қиш фаслида иссиқхона сифатида фойдаланиш мумкин. 

Куз ва баҳорда иссиқхонага тушаётган қуёш нури ҳисобига қизиган ҳаво хоналарга ҳаво узаткичлар орқали тўғридан тўғри узатилади. Ташқи ҳаво совуганда, булутли кунларда ҳавони иситиш агрегати ишга туширилади. Ҳаво иситиш агрегатлари ташқи ҳаво ўзгаришига қараб уч хил тартибда ишлайди (баланд, ўрта, паст қувватлар).

Ёз фаслида қуруқ-иссиқ иқлим шароити бўлишини ҳисобга олган ҳолда, иссиқхонага ўрнатилган форсункалар орқали ҳаво намланади ҳамда совитилади. Ҳаво совитиш агрегатида ҳаво қўшимча керакли миқдорда совитилиб хоналарга ҳаво ўтказкичлар орқали узатилади. 

Чордоқдаги кондицияланган ҳаво ўтказувчилар орқали ҳар бир хонага узатилиб, микроиқлим билан таъминланиб, ҳавоси алмаштирилади. Ҳаво иситиш агрегатлари электр энергияни қуёш батареялари орқали олади. Захира сифатида электр тармоғидан фойдаланиш ҳам мумкин.

Иситиш агрегатларини электр энергияси таъминоти схемаси 

Анъанавий усулда қурилган биноларда тўсиқ конструкциялари орқали, яъни том, эшик ва деразалардан 50 фоиз, девордан 35 фоиз ва полдан 15 фоиз иссиқлик миқдори йўқотилади. 

Хўш, таклиф қилинаётган лойиҳанинг анъанавий усулларга нисбатан афзаллиги нимада? 

Аввало, хоналар ҳавоси алмашади ва кондициялаш локаллаштирилади. 

Қишда том ёпмадан иссиқлик йўқолмайди. 

Ёзда юқори қаватлардаги хоналар, том ёпмадан келадиган иссиқлик миқдоридан сақланади. 

Энг муҳими, қишда чордоқдан иссиқхона сифатида фойдаланилади. 

Шунингдек, эксплутация нархлари арзонлашади, сервис хизмат кўрсатиш соддалашади, тизимнинг хизмат қилиш даври давомийлиги ошади. Яна бир муҳим жиҳати, атроф-муҳит экологик жиҳатдан соф сақланади ва ҳар бир хонадонда икки контурли иситиш қозонлари ҳамда кондиционерлардан фойдаланиш зарурати йўқлиги ҳисобига электр энергияси ҳамда газ сарфи тежалади. 

Ҳамид ҲУСАНОВ, 

СамДАҚИ доценти.

Арслон ИСМОИЛОВ, ассистент.