Мактабга ажратилган 7 миллион 290 минг сўмлик маиший жиҳозларни талон-тарож қилганлар қонун олдида жавоб берди
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди таҳририятга ушбу ҳукмларни тақдим қилди.
Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлимининг электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори О.Тайиров ўзига тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаронинг электр энергиясидан қарзи мавжудлигини айтиб, хонадон эгасидан 450 минг сўм олади, аммо тўлов амалга оширилганлиги ҳақида истеъмолчига чек бермайди ва ундирилган маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Каттақўрғон туман “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси бошлиғи М.Мингбоев фаолияти давомида истеъмол қилинган электр энергияси тўловини ҳисоб-китоб қилиш, корхонада дебитор ва кредитор қарздорликни ундириш каби вазифаларга совуққонлик билан қарайди.
У 2017 йил 1 июндан 2018 йил 1 апрелга қадар улгуржи истеъмолчиларга етказиб берилган жами 8 миллиард 584 миллион сўмлик электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ундириш чораларини кўрмайди. Натижада 1 миллиард 326 миллион сўмлик муддати ўтган дебитор қарздорлик келиб чиқишига сабабчи бўлади. Бу борада иқтисодий судга даъво аризасини киритиш, қарздор корхона, ташкилот ва муассасалар билан солиштирма далолатномалар тузиш каби ишларга беписанд муносабатда бўлади.
Корхона ҳисобчиси Ғ.Қахоров эса сарф қилинган электр энергияси учун келиб тушган маблағлар ҳисобини олиб бориш, корхонанинг бухгалтерия ҳисоботларини тайёрлаш, қарздор истеъмолчилар рўйхатини шакллантириб электр энергияси сотиш бўлими ҳамда корхона раҳбарига тақдим қилиш каби вазифаларини бажармасдан хизмат масъулиятини суиистеъмол қилади. Оқибатда корхона бюджетига катта миқдорда зарар келтиради.
Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби собиқ раҳбари М.Носирова директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари К.Аминов билан тил бириктириб, мактабга Япония гранти асосида ажратилган жами 7 миллион 290 минг сўмлик маиший жиҳозларни ўзлаштириб, бу қилмишини яшириш мақсадида мактабга шу турдаги бошқа - арзон жиҳозларни келтириб қўяди.
Улар бу каби қинғир ишларини давом эттириб, мактабда фаррошлик вазифасида аслида ишламаган ходимлар номига йиллар давомида жами 19 094 390 сўм маблағ ойлик маоши ёзиб, иш ҳақи табелларига сохта маълумотлар киритади. Шу зайл акциядорлик тижорат “Агробанк” Каттақўрғон шаҳар филиали ходими О.Муҳаммадиев ёрдамида бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштиради.
Юқорида аниқланган ҳолатлар жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг очиқ сайёр судида кўрилди ва қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида чоралар кўрилди. Бюджетдан ўзлаштирилган маблағлар қайтарилди.