Муддатида тўланган солиқлар ҳудудлар тараққиётига хизмат қилади
Мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир. Ушбу турдаги солиқлар бевосита маҳаллий бюджетга тушади. Демак, муддатида тўланган мол-мулк ва ер солиқлари ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, пировардида турмушимизнинг янада фаровон бўлишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари белгиланган. Чунончи, турар жойлар, квартиралар (шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан ошиқ бўлганлари бундан мустасно), дала ҳовли қурилмалари, бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун мулкнинг кадастрт қийматидан 0,2 фоиз этиб белгиланган.
Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган турар жойлар ва квартиралар учун 0,25 фоиз, умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 0,35 фоиз этиб белгиланганини қайд этиш жоиз. Бошқа аҳоли яшаш пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун 0,25 фоиз миқдорида мол-мулк солиғи тўланади.
Масалан, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда жойлашган хонадоннинг умумий майдони 70 квадрат метр бўлиб, кадастр идораси томонидан 85 миллион сўм кадастр қиймати кўрсатилган. Ушбу хонадонга бир йилга 170 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланади (кадастр қиймати 85000000*0,25% солиқ ставкаси=170 минг сўм).
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда, лекин 42 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланади. Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгилаган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказларида 210 миллион сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади. Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилишини қайд этиш лозим.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 квадрат метри ҳажмида белгиланади.
Фуқаролардан якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ернинг 1 квадрат метри учун Самарқанд шаҳрида 225 сўм, Каттақўрғон шаҳрида 133,6 сўм миқдорида ер солиғи олинади. Бошқа кичик шаҳарларда эса 1 квадрат метр учун 133,6 сўм, туман марказлари ҳисобланган қўрғон ва қишлоқ аҳоли пунктларида 116 сўм тўланади.
Самарқанд вилоятида деҳқон хўжалигини юритишга суғориладиган зонадан берилган 0,01 гектар ер майдони учун учун 7 911,6 сўм (аҳоли пунктларида) ва 3 956,5 сўм (аҳоли пунктларидан ташқарида) миқдорида солиқ ставкаси белгиланган. Лалми ерларнинг 0,01 гектар ер майдони учун эса 917 сўм тўланади. Бундан ташқари, жамоа боғдорчилигива полизчилигиниюритишга берилган 0,01 гектар ер майдони учун 3 578,2 сўм миқдорида солиқ ставкаси белгиланган.
Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг ер солиғи ҳисобланишида меъёрлар белгиланган. Ушбу меъёр қишлоқ жойларда 0,10 гектар, шаҳар жойларда 0,06 гектардан иборат.
Масалан, туман ҳудудида жойлашган уй жой эгасининг ер майдони 0,15 гактарни ташкил қилса, ушбу фуқарога тегишли ер майдоннинг 0,10 гектарига 79116 сўм (0,10*7911,6=79116 сўм), меъёрдан ортиқ 0,5 сотих ер майдонига 1,5 баробар миқдорида, яъни 59337 (7911,6*1,5=11867, 4*5=59337) сўм ер солиғи ҳисобланади.
Умид Алимов,
Самарқанд вилояти давлат солиқ
бошқармаси ахборот хизмати ходими.