Мундиал иштирокчилари Қатарга етиб келди
Шу йил 20 ноябрдан 18 декабрга қадар Доҳа шаҳрида футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Доимгидек биз бу рўйхатда йўқ
Ёзда Қатарда 50 даража иссиқ кузатилади. Бундай вазиятда тўп суриш у ёқда турсин, ҳаводан нафас олиш ҳам мушкул. Аммо мамлакат жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун улкан режа тузиб чиқди ва 12 йил деганда буни ҳаётга татбиқ этди.
Ўйинларни ўтказиш учун 8 та арена тайёр
Ихчамлик – 2022 йилги жаҳон чемпионатининг энг асосий хусусияти. Катта турнир деярли бир шаҳарда - мамлакат пойтахти Доҳада ўтказилади. Бир-биридан энг узоқда бўлган 2 та стадион орасидаги масофа 75 километрни ташкил қилади. Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини “Ал-Байт” стадионида ўтказилади.
Чемпионат учун 208 миллиард евро атрофида пул сарфланди
Бу Россияда бўлиб ўтган 2018 йилги мундиалда сарфланган харажатлардан 17 баравар кўп дегани. Хўш, бу бир неча кунлик чемпионатни деб шунча маблағ бекор кетди, деганими? Йўқ.
Мамлакат расмийларининг таъкидлашича, жаҳон чемпионати Қатарнинг 2030 йилга қадар миллий тараққиёт лойиҳаси таркибига киради. Бу бутун мамлакат бўйлаб шаҳарлар, саноат ва турли объектларни жадал ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини тараққий эттиришга қаратилган кенг кўламли давлат стратегиясидир.
“ЖЧ-2022” тимсоли ҳақида
Футбол мухлисларига яхши таниш бўлиб улгурган навбатдаги энг юксак нуфузли турнирнинг тимсоли 8 рақамига айлантирилган, қизил ҳошияли оппоқ ҳалқадан иборат. 8 рақами - Қатардаги стадионлар сонига ишора ва чексизлик белгиси ҳамдир.
“Жаҳон чемпионатининг логотипи нуфузли мусобақанинг регионимиз аҳолисига кўрсатган узоқ йиллик таъсирини акс эттиради. Бундан ташқари, эмблеманинг юқори қисми турнир ғолибига бериладиган совринни эслатади”, дейишяпти “ЖЧ-2022” ташкилий қўмитаси вакиллари.
Мундиалнинг расмий тўпи
Қатар мундиали расмий тўпи “Al Rihla” номи билан танилди. Араб тилидан олинган ибора “саёҳат” маъносини билдирар экан. Adidas компанияси томонидан тайёрланган тўп мутахассислар фикрича, тезкор ва аниқ. Бундай сифатларга эришиш учун тўпни CTR-Core технологиясидан, яъни тўп ичига аниқлик ва балансни оширадиган жажжи ядро қўйиш усулидан фойдаланиб тайёрлашган.
“ЖЧ-2022” тумори
Қатар мундиалининг тумори “Лаиб” номли учар гиламга берилди. Араб тилида у жуда яхши ўйинчи маъносини англатади. Яратувчиларнинг фикрига кўра, Лаиб ўта чаққон, қувноқ ва қизиқувчан. “Лаиб ҳаммани ўзига ишонишга чорламоқда. У барчага футбол завқини олиб келади”, дейилади халқаро ташкилотнинг расмий сайтида.
Мадҳия доим муҳим бўлган
Мундиал мадҳияси март ойининг охирида Доҳада бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросимида ижро этилди. Шундай шарафга сазовор бўлган “Наууа Наууа” (Better Together) қўшиғини америкалик Тринидад Кардона, африкалик Давидо ва қатарлик Ойшалар ижро этди. Таъкидлаш лозимки, мундиал мадҳияси чемпионат руҳиятига катта таъсир ўтказади.
Европаликларни чекловлар чўчитяпти
Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионатида барча футболчиларни мажбурий эмлашга чақирмоқда. Шунингдек, мураббийлар, ходимлар ва мамлакатга келадиганларнинг ҳаммаси, шу жумладан, барча мухлислар эмланиши керак. Бундан ташқари, мамлакат раҳбарияти томонидан маҳаллий халқ қадриятларига оид айрим чекловлар ҳам борки, булар чемпионатнинг қизиқарли ўтишига деярли салбий таъсир қилмайди.
Илк бор аёл ҳакамлар ишлайди
ФИФА Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатдан 36 нафар бош ҳакам, 69 нафар ёрдамчи ҳакам ва 24 нафар VAR бўйича мутахассислар ўрин олишди. Ўзбекистонлик ҳакамлар ушбу рўйхатга киритилмади. Ҳамюртларимиз 2010 йилдан буён илк марта мундиалда иштирок этмайдиган бўлишди.
Бу мундиалда биз ҳам иштирок этамиз
Албатта, миллий терма жамоа билан эмас. Айни пайтда Осиё футбол конфедерациясида мусобақаларни ўтказиш департаменти раҳбари лавозимида ишлаётган Аваз Бердиқулов ФИФА томонидан Жаҳон чемпионатида ишлаш учун таклиф этилди. Ватандошимиз мундиал ўтадиган стадионлардан бири – “Ал-Жануб” ўйингоҳи директори сифатида фаолият юритади.
Чемпионат 20 ноябрдан 18 декабрга қадар бўлиб ўтади. Дарвоқе, мезбон жамоа – Қатар термаси жаҳон чемпионатида дебют қилади.
Сулаймон Мардиев тайёрлади.
***