Мутолаа. Адиб ва Илҳом париси. Ҳикоя
Александр Михан
Пойтахтдан узоқдаги кичкинагина шаҳар ижод ихлосмандлари ҳар йили бир марта вокзалда тўпланиб, санъаткорлар, бастакорлар ва ёзувчилар бўлган поездни перрондан қутлаш учун кутиб туришарди.
Поезд гарчи тўхтамаса-да, жўшқин оломон ёнидан имкон қадар секинроқ ўтиш учун атайлаб тезлигини пасайтирарди. Паровоз ҳуштак чалиб, ҳаммага поезд келаётганини, айниқса, санъат арбобларини ўз кўзлари билан кўришга иштиёқманд бўлганлар гулдасталарини у ёки бу санъат устасига бериш учун платформа четига яқинроқ келишлари кераклиги тўғрисида узоқдан хабар қиларди. Тўпланганлардан омадлилари (асосан Бальзак ёшидаги аёллар) гуллар билан бирга бўса беришга муваффақ бўлишарди. Бу омадлилар асосан севги ҳақида шеърлар ёзадиган мардона кўринишдаги бебош ва бу зерикарли кичик шаҳарча аҳолисининг эҳтиросларининг аллақачон ўт олган вулқонларини алангалаб қўйган шоирлар эди.
“Муҳаббатим сенга бахшида севгилим, мен эса бўлурман сеники абад!”, бир шоир очиқ деразадан шеърларини ифодали ўқиб берарди.
“Ўзинг у ерда-ю, жисминг бу ерда” куйларди бошқаси ва шу заҳотиёқ бир тўда гуллар, қутилар, ширинликлар, айниқса нозик табиат аёлларнинг бутун "халта"ларидаги севги изҳори қилинган хат ва откриткалари улар томон отилди.
Шовқинли оломондан унчалик узоқ бўлмаган жойда, нилуфар бутаси соясида ҳеч ким танимайдиган маҳаллий ёзувчи турарди. Алҳол, бир йилдан кўпроқ вақт давомида поезд йўловчиларининг исмлари ҳаммага маълум бўлса-да, бу маҳаллий “адиб”нинг борлиги ҳақида ҳеч кимнинг хабари йўқ эди.
Оломон яна бир моҳир шоирни кўриб, завқ билан гувиллаб ҳаяжонга тушди ва бизнинг қаҳрамонимиз уларга эътибор бермай, бошқалар қатори йилдан-йилга сабаби фақат ўзигагина маълум ва бу ерга ким учун кела бошлаган айбдорини нигоҳи билан излай бошлади.
Бир неча йил олдин у биринчи марта поезд ўтаётган вақтда бекатга тўсатдан келиб қолган эди. Айнан ўшанда унинг кўз олдида – унинг Илҳом париси ҳозир бўлганди. Адиб уни кўриши биланоқ тилдан қолди, уни гўё чақмоқ ургандек бўлди.
У югуриб уйига келди ва дарҳол ушбу ҳодисотга бағишлаб шеърлар ёзишга киришди.
Ўша кундан бошлаб у фақат ёзди, ёзди ва тақдирини тубдан ўзгартиришга муваффақ бўлган Илҳом париси билан ҳеч бўлмаганда бир лаҳзага, уни тасодифий ва тушунарсиз тарзда яна учратишини умид қилиб яшади.
Бугун эса поезд тўсатдан барчани ҳайратда қолдириб тўхтаб қолди, двигатель гувиллади ва катта пўлат мушукдек қаттиқ пишиллади. Довдираб қолган станция бошлиғи бундан-да яхшироқ нарсани ўйлаб топа олмасдан, фуражкасини тепага отиб бақира бошлади: “Ура! Браво! Брависсимо!”.
Поезд биринчи марта тўхтади. “Жамият гуллари” бундай ҳолатда нима қилиш кераклигини тушуна олмай, жимгина бир-бирига қарай бошлади. Платформага аччиқланиб, деҳқон ён ёқа кўйлак кийган узун оқ соқолли чол чиқди:
- Яна шу поездни деб ишламаяпсизлар, такасалтанглик қиляпсизлар. Ахир, Анна айнан шундай поезд остида...
Ҳеч ким чолга гапини охирига етказишига қўймади. Ҳамма гўё топшириқ олгандек, бу улуғ йўловчини қуршаб олиб, унинг романларини мақташга киришди. Чол қўлини силтаб, ўз вагонига яширинишга шошилди. Ҳозиргина чол турган платформадаги жойдан “У” тушиб келди ва ҳеч кимга эътибор бермай, тўғри нилуфар сояси остида ўтирган маҳаллий адиб томон юра бошлади.
- Ҳа, ҳа, сиз! Атрофга қараманг! Мен сизни олиб кетгани келяпман! – аёл ўнг қўлини олдинга чўзди ва худди инжиқ болани етаклагандек ёзувчини поезд томон бошлаб борди.
- Мен тушунмадим, бу... нима дегани? – аранг эшитиладиган овозда гапирди эркак.
- Бу сиз биз билан бирга кетасиз, дегани! Сиз учун поездни тўхтатдим. Юра қолсангизчи! Тезроқ, шошилинг!
- Мен учун? Лекин у ерда...
Аёл табассум қилди.
- Бир пайтлар буларнинг ҳаммасини ҳам шу поездга мажбуран ўтқазиб қўйгандим, менга ишонаверинг, ҳеч ким ўзи чиқишга ботина олмаган. Шунинг учун сизнинг қаршилигингиз мени ҳайратга солмади, алқисса, ҳали ҳам менга эргашишингизни талаб қиламан. Сизнинг вақтингиз келди ва биз бу ердан бирга жўнаб кетишимиз керак!
Ёзувчи журъатсизлик билан биринчи зинапояга чиқди ва орқага ўгирилди. У шаҳарликларнинг қандайдир танилмаган киши учун улуғ одамлар тўла поезд биринчи марта тўхтаб қолганидан, ёзувчи оёғини ердан олиши билан дарҳол йўлга тушганидан таажжуб ифодалаган рангпар юзларини кўрди.
- Оҳ, ярамас! – шивирлади аёллардан бири. – У ўзини ҳеч кимни танимайдигандек тутяпти. Ўзи эса қаердандир бўлсаям поездга чипта олган!
- Қаердан ҳам оларди? Ўғирлагандир-да, - маъқуллади бошқа одам. – Ҳа, майли! У қайтиб келади – ўшанда биз у билан гаплашамиз!
Лекин ёзувчи бу сўзларни эшитмади, чунки у ҳеч қачон бу шаҳарга ҳам, ўтган ҳаётига ҳам қайтмаслигини билар эди. Олдинда қўлидан тутиб, уни бошқа барча йўловчилар билан бирга абадиятга йўл олган аравада Илҳом париси кутиб турарди.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржима қилди.