Мутолаа: Банкда бўлган воқеа (ҳикоя)

Ликок Стивен

Банкка кириб қолгудек бўлсам, қўрқувга тушаман. Ёзув-чизув ишларини олиб борадиган кичик хизматчилар мени қўрқитади. Кичкина деразалар қўрқитади. Пуллар мени қўрқитади. У ердаги барча нарса мени қўрқитади.

Банк остонасини кесиб ўтиб, у ерда молиявий операцияларни амалга оширмоқчи бўлиб турганимда мен қип-қизил ахмоққа айланиб қоламан.

Буларнинг барчаси менга олдин ҳам аён эди, лекин барибир, иш ҳаққим ойига эллик долларга етганда, мен улар учун ягона муносиб жой бу - банк деган қарорга келдим.

Шундай қилиб, ҳаяжон билан оёғимни зўрға қимирлатиб, операция залига кирдим ва журъатсизлик билан атрофга қарай бошладим. Менга негадир ҳисоб очилишидан олдин мижоз, албатта, бошқарувчи билан маслаҳатлашиши керак бўлгандек туюлди.

Устида «Бухгалтер» ёзуви осилиқ турган кичкина дераза яқинига бордим. Ҳисобчи  баланд бўйли, совуққонроқ шахс экан. Унинг важоҳати мени қўрқитди, овозим бирдан ер тагидан чиқаётгандай бўлиб қолди.

- Бошқарувчи билан гаплашсам  бўладими? – сўрадим ва маъноли қўшиб қўйдим: Юзма-юз.

Нега «юзма-юз» дедим, буни ўзим ҳам билмайман.

- Ҳозир, - жавоб берди ҳисобчи ва бошқарувчини чақиришга кетди.

Бошқарувчи жиддий, салобатли киши эди. Мен эллик олти долларимни чўнтагимда муштимда маҳкам ушлаганча сақлардим, пуллар юмалоқ гувалачага айланиб қолганди.

- Сиз бошқарувчимисиз? – деб сўрадим, лекин Худо ҳақи, бунга шубҳам йўқ эди.

- Ҳа, - деб жавоб берди у.

- Сиз билан... юзма-юз гаплашсак, дегандим.

«Юзма-юз» иборасини такрорлашни хоҳламасдим, лекин акс ҳолда суҳбатимиз жуда оддий бўлиб қоларди.

Бошқарувчи хавотирланиб менга қаради. Кўринишидан, у мени  қандайдир даҳшатли бир сирни очиб беришга келган, деб ўйлади.

- Марҳамат, - деди у, сўнг мени хонасига олиб кирди ва калитни қулфга бурди. – Бу ерда бизни ҳеч ким безовта қилмайди. Ўтиринг.

Иккаламиз ҳам ўтириб, бир-биримизга тикилдик. Тўсатдан ичимдан ҳеч қандай сўз чиқара олмаслигимни ҳис қилдим.

- Сиз Пинкертон (детектив агентлиги) агентлигидан бўлсангиз керак? -  сўради у.

Менинг сирли хулқ-атворим унга мени детектив эканимга ишонтирганди. Буни дарҳол тушуниб олганимда ҳам ундан баттар бўлиб, бир сўз деёлмадим.

- Й-й-йўқ, мен у ердан эмас, - дедим ниҳоят, бошқа рақиб агентлигидан келаётганимга ишора қилиб. – Ростини айтсам… мен шу пайтгача… кимдир мени ёлғон гапиришга мажбурлагандек давом этдим …ростини айтсам, мен умуман детектив эмасман. Мен ҳисоб очиш учун келгандим. Жамғармаларимни шу банкда сақлаш ниятидаман.

Бошқарувчи ўзини енгил ҳис қилгандай бўлди, лекин у ҳамон ҳушёр турарди. Энди унинг наздида Барон Ротшильднинг ўғли кичик Гулд (Жей Гулд (1836 - 1892) – Американинг энг йирик миллионерларидан бири ) турганига шубҳаси йўқ эди.

- Катта маблағ бўлса керак? – сўради у.

- Жуда катта,  - пичирладим мен. - Ҳозир эллик олти доллар қўйишни ният қилдим, келажакда ҳам  ҳар ой эллик доллардан қўйиб бораман.

Бошқарувчи ўрнидан туриб, эшикни очди ва ҳисобчига қаради.

- Жаноб Монтгомери! – деди у ёқимсиз баланд овозда. – Бу жаноб ҳисоб очмоқчи ва эллик олти доллар қўймоқчи экан... Хайр.

Мен турдим. Ўнг томонимда катта темир эшик очилди. «Хайр» дедим ва тўғридан-тўғри сейфга қараб қадам ташладим.

- Бу ерга эмас, - деди бошқарувчи совуққонлик билан ва бошқа эшикка ишора қилди.

Деразачага яқинлашиб худди фокус кўрсатаётгандек ғайриихтиёрий равишда бир тўда пулни ташладим. Юзим оқариб кетган эди.

- Мана, - дедим, - буни менинг ҳисобимга қўйсангиз. Айтаётганларим «кеч бўлмасдан бу оғриқли ишни тугатайлик» оҳангига ўхшаб кетгандай туюлди.

Хизматчи пулни олиб хазинабонга узатди. Сўнг менга аллақандай бланкка маблағни ёзиб, қайсидир китобга имзо чекишимни айтишди. Мен нима қилаётганимни билмасдим. Кўзларим олдида ҳамма нарса хиралашиб қолган эди.

- Тайёрми? – сўрадим титроқ овозда.

- Ҳа, - жавоб берди хазинабон.

- У ҳолда мен чек ёзмоқчиман.

Келгусидаги харажатларимни кўзлаб олти доллар олмоқчи бўлдим. Хизматчилардан бири менга деразачадан чек дафтарини узатди, иккинчиси чекни қандай тўлдиришни тушунтира бошлади. Шубҳасиз, банкнинг барча ходимларига мен тўғримда «ақлдан озган миллионер» деган таассурот пайдо бўлган бўлса, ажабмас. Чекда ниманидир ёздим ва хазинабонга узатдим. У чекка қаради.

- Қандай қилиб? - ҳайрон бўлиб сўради у. - Ҳаммасини оласизми?

Шу ерда олти рақами ўрнига эллик олти ёзганимни тушуниб олдим. Масала жуда чуқурлашиб кетганди. Нима бўлганини тушунтиришга энди жуда кеч эди. Ҳамма хизматчилар ёзишни тўхтатиб, менга тикилиб қолишди. Умидсизлик жасорати билан тубсизликка отилдим.

- Ҳа, ҳаммасини, - жавоб бердим.

- Сиз пулингизнинг ҳаммасини банкдан олмоқчимисиз?

- Охирги центигача, ҳаммасини.

- Келажакда сиз ҳеч қачон пул киритмоқчи эмассиз, шундайми? – сўради хазинабон.

- Ҳеч қачон.

Тўсатдан хаёлимга улар чекни ёзаётган пайтимда мени нимадир хафа қилган деб ўйлагани ва фақатгина шу сабабли мен пулни қайтариб олмоқчи бўлганим тўғрисидаги бемаъни умид пайдо бўлди. Ўзимни –ғайритабиий тарзда жирканч одам қилиб кўрсатишга уриниб кўрдим.

Хазинабон менга пул тўлашга тайёрлигини кўрсатиб сўради:

- Қанақасига олишни хоҳлайсиз?

- Нима?

- Қанақа купюрада олмоқчисиз?

 Охир-оқибат савол маъносини тушуниб олдим,  нима демоқчи бўлганимни тушунмай жавоб бердим:

- Эллик долларлик купюра билан. У менга эллик долларлик чиптани узатди.

- Олтитасиничи? – сўради у қуруқ оҳангда.

- Олти долларлик чиптада, - дедим.

У менга олти долларлик купюрани берди, мен эса чиқишга шошилдим.

Орқамдаги оғир эшик секин ёпилаётганда қулоғимга бино қуббасини ларзага келтирган гумбурлаган геометрик кулги эшитилди.

Ўшандан бери мен энди банклар билан иш тутмайман. Кундалик харажатларим учун пулни шимимнинг чўнтагида, сақлаб қўйган пулларимни эса кумуш долларда эски пайпоқда сақлайман.

(1910 йил)

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.