Мутолаа: Карикатурачи. Ҳикоя
Фредерик Браун
Почта қутисида олтита хат бўларди, Билл Кэрриган уларга тажрибали кўз ташлагач, ҳеч бирида чек йўқлигини дарҳол англаб олди. Уларда фақат мўйқалам ифода эта олишига ишонган одамлар томонидан юборилган “ғоя”лар бўларди.
Билл конвертларни ўзи ғурур билан “устахона” деб атайдиган кулбага олиб борди. Шляпасини плита устига ташлаб юборди ва омонатгина турган чизув тахтаси сифатида хизмат қиладиган ошхона столига ўтириб конвертларни оча бошлади.
У анчадан бери ҳеч нима сотишга муваффақ бўлмаганди ва ўзига ҳатто “умид” сўзини тақиқлаб қўйганди, бироқ конвертларнинг бирида яхши ғоя борлигини ҳис этди. Ким нима деса десин, лекин мўъжизалар содир бўлиб туради.
Билл биринчи конвертни очди. Бу сафар орегонлик бу шахс карикатураларга олтита имзо қўйипти. Шартлар ҳам оддий: агар мавзу Биллга ёқса, у чизади, агар расм сотилса, имзолар муаллифлари белгиланган фоизини олади. Билл чуқур хўрсинди ва кейинги конвертга ўтди, кейин бошқасига...
Иш юришмади. Карикатурачи гарчи ҳамма нарса арзон бўлган кичик бир чекка шаҳарчада яшаса ҳам, бу пул ишлаб топадиган касб эмас. Пастга силжиш бошландими, тўхталиш жуда қийин кечади. Йирик журналлар сизни четлаб ўтади, ғоя берувчилар эса ўз мавзуларини бошқаларга юбора бошлайди.
Сенга эса фақат ҳеч кимга керак бўлмаган, арзимас нарсалар қолади...
Шунга қарамай охирги конверт ўз ичига қизиқарли нарсаларни олган эди. Воқеа “Шпрунц” соҳилида содир бўлади. Император жирканч махлуқ, у атрофидаги олимларига шундай дейди: “Албатта Ерга кемани юбориш жуда қизиқ фикр, лекин бундай хунук махлуқлар яшайдиган сайёрага ташриф буюриш нақд жинниликдир!”. Билл Кэрриган ўйчанлик билан бурнининг учини қашиб қўйди. Бундан албатта бирор нарса чиқиши керак...
Илмий фантастика бозори гуллаб-яшнаётган бир пайтда бу махлуқларга фақатгина жирканч кўриниш беришгина кифоя, шунда гўзаллик ғоясининг маъноси маълум бир жозибага эга бўлади.
У қалам-қоғозни қўлига олди ва ҳаяжон билан чиза бошлади. Хаёлотга берилиб ўзини тўхтата олмай ишлаб кетди... Шу тарзда ҳар бирининг учта боши, олтита ялтироқ кўзлари бор ва уларга қарашнинг ўзи ҳам ёқимсиз бўлган аллақандай мавжудотлар яралди. Ўн иккита чўлтоқ қўллар... Ҳе-ҳе, ёмон эмас... Ҳар бирининг танаси узун, олдингилари бир йўналишда, орқадагилари эса бошқа томонга эгиладиган тўрттадан калта-калта оёғи бор...
Юзларини қандай яратсам экан? Ҳа, ҳеч қандай юз бўлмайди, ҳамма нарса сип-силлиқ, кўкрагининг ўртасида катта оғиз бўлади.
Орқа фонда у манзарага ўхшаш кўринишни чизди, четдан қараб қўйди ва мамнун қолди. Балки бироз ошириб юборгандир, бош муҳаррир ўқувчи қўрқиб кетади, дейиши мумкин, лекин махлуқларни аксинча, чиройли қилиб қўйса, ҳазилнинг тузи қочиб қолади.
Билл конвертни олди ва устига энг яхши мижозининг манзилини ёзди. Икки ойдан ортиқ вақт давомида журнал ундан ҳеч нарса сотиб олмаган эди. Бош муҳаррир Род Корри ҳар доим унинг энг ғалати расмларини танларди. Балки бу сафар ҳам омади юришиб кетар.
Билл Кэрриган ўз махлуқларини деярли унутиб қўйганди, олти ҳафта ўтгач, у катта пакетни олганида, унда қуйидаги сўзлар ёзилган карикатура қайтарилган эди: “Яхши, менга бу чизманинг Хитой сиёҳи билан бажарилганини юборинг”. Имзо – “Р.К.”. Ниҳоят у музлатгичини тўлдиришга муваффақ бўлади!
Икки соатдан кейин Билл конвертни муҳрлаб почта бўлими томон югурарди. Энди пул келиши тайин. Энди у машинасини тузатади, ҳеч бўлмаганда уй-жойи ижара пулининг бир қисмини тўлайди ва дўкондаги қарзидан қутулади.
Чек газета дўконларида суратли журнал пайдо бўлган куннинг ўзидаёқ келди. Билл пулни олди ва барга қараб кетди. Муҳим ҳодиса содир бўлган куни уни дарҳол нишонлаш керак!
Уйига келиб у шишадаги ичимликни очди, икки стакан ичди, курсига қулайгина ўтириб олиб, универсал столига чанг босган пойабзалини қўйиб бўшашди. Эртага албатта, у пулини бундай ахмоқона исроф қилганига пушаймон бўлади, бу эртага бўлади, бугун эмас!
Кэрриган кейинги стаканни оғзига яқинлаштирмоқчи эди, қўли ярим йўлда тўхтаб қолди, кўзлари кўз косасидан чиқиб кетди. Уйнинг ғишт девори бирдан титраб, тебраниб, тисарилиб кетди. Тешик эшик ўлчамига етгунча катталашиб бораверди.
Билл истеҳзо билан шишага қаради. “Худойим, мен нимани ичдим ўзи?”. Унинг кўзлари ишончсизлик ва қўрқув билан туйнукка қаради: “Балки зилзила бўлаётгандир?! Акс ҳолда...”
Тешикда иккита тушунарсиз олтиқўлли жонзот пайдо бўлди. Ҳар бирининг учта боши бор эди ва ҳар бир бошнинг кўзлари уч жуфт кўзойнак остида яширинган эди. Тўртта оёқ ва танасининг ўртасида жойлашган оғиз қиёфани тўлдириб турарди.
- Марҳаматли худойим! – ингради Билл.
Ҳар бир жонзот панжаларида ўқотар қуролга ўхшаш нарсани ушлаб турарди ва бу қурол тўғридан-тўғри Биллга қаратилган эди.
- Товба, - деди Билл, - бу энг кучли ичимликлардан бири бўлишини билардим, лекин бундай таъсир қилишини...
Махлуқлар унга қараб сесканишди ва уларнинг ҳар бири даҳшатдан бир талай кўзларини чимириб қўярди.
- У қанчалик жирканч бўлмаса! – деди бири. – Менимча бу бутун Қуёш тизимидаги энг даҳшатли мавжудот.
- Ким? Менми? – сўради Билл хира овозда.
- Ҳа, сиз, бироқ қўрқманг. Биз ёмонлик қилиш учун келганимиз йўқ. Император Вон Вир Учинчи сизга миннатдорлик билдириши учун сизни Шпрунцга жўнатамиз.
- Шпрунцга... Қ...қандай қилиб... миннатдорлик билдириш учун?
- Император айтмади. Лекин бу муносиб мукофот бўлади. Бизнинг вазифамиз сизни ҳазратларининг кўзлари олдига тақдим этиш. Сиз қаршилик кўрсатган тақдирдагина қурол олдик. Бу ўлдирмайди – сиз фақат ҳушингизни йўқотасиз.
- Й-й-ўўўқ, сиз мавжуд эмассиз! – деди Билл қатъий. Кейин қўшиб қўйди - У... Шпрунц қаерда жойлашган?
- К-14-320-ГМ тизимининг бешинчи сайёрасидаги 1745/88 НТ/97608 фазовий давомийлигида.
- У биздан қанча узоқликда жойлашган?
Махлуқ панжасини силкитди:
- Шундоққина девордан чиқишингиз билан. Тайёрмисиз?
- Йўқ. Менга қандай раҳмат айтилади, билмоқчи эдим?! Бу чизмам туфайлими? Сиз бу ҳақда қаердан билиб қолдингиз?
- Ҳа, чизма сабаб бўлди. Биз сизнинг цивилизациянгизни яхши ўргандик. Бизда ҳам биринчи даражали рассомлар кўп, лекин афсуски, битта ҳам карикатурачи йўқ. Сиз чизган расм бизни ҳайратда қолдирди. Шпрунцнинг барча аҳолиси ҳаддан ташқари хурсанд бўлди. Хўш, энди тайёрмисиз?
- Йўқ, - деди Билл Кэрриган.
Махлуқлар қуролларини кўтариб, тугмаларини босишди.
- Сиз тахт хонасида ўзингизга келасиз, - деди улардан бири.
У хонани дарҳол таниди. Императорни ҳам ва унинг атрофидаги олимларни ҳам бошқа ҳеч ким билан адаштирмасди.
Махлуқ унга қаради ва қаердандир овоз эшитилди:
- Содиқлар йўлчи юлдузи, улуғворлик қўмондони, ёруғлик манбаи ва галактикалар ҳукмрони, буюк ва қудратли император Вон Вир Учинчи.
- Билл Кэрриган, - деди у оддийгина.
- Бизга ҳаётимизда ҳеч қачон кулмагандек кулиш имкониятини берганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, Билл Кэрриган. Мен сизга император карикатурачиси лавозимини таклиф қиламан. Сизнинг ягона машғулотингиз ҳар куни битта расм чизиш бўлади.
- Ҳар куни? Шунча ғояни қаердан оламан?
- Буёғини бизга қўйиб беринг. Сайёрамиз аҳолиси ниҳоятда топқир. Муаммо шундаки, биз ҳазилларимизни карикатура тилига ўгира олмаймиз. Сиз бизнинг сайёрамиздаги энг буюкларидан бири бўласиз, мендан кейин, албатта. Гарчи улар мени кўпроқ севишса-да, эҳтимол сиз мендан ҳам машҳурроқ бўласиз.
- Мен-а?.. - Билл қуриган лабларини ялади. – Нима дейишни ҳам билмай қолдим... Аслида мен уйга қайтиб кетмоқчи эдим... Бу лавозим маоши қандай тўланади? Балки бироз пул ишлаб, кейин Ерга қайтишим мумкиндир.
- Тўлов сиз кутганингиздан ҳам ошиб кетади. Бу ерда сиз орзу қилган ҳамма нарсангиз бўлади. Агар хоҳласангиз бу муддатни истаган вақтгача узайтириш ҳуқуқи билан сиз билан фақат бир йилга шартнома тузишимиз мумкин.
“Ҳм, - ўзича ўйлади Билл. – Ундай бўлса, мен Ерга оғиз-бурнимгача бой бўлиб қайтишим мумкин.”
- Мен сизга таклифни қабул қилишни маслаҳат бераман, - деди император. - Ҳар бир чизма сайёрадаги барча нашрларда такрорланади ва барча муаллифлик ҳуқуқи ҳам сизники бўлиб қолади.
- Нечта журналларингиз бор ўзи?
- Юз мингдан ортиқ. Уларни йигирма миллиард муштарий сотиб олади.
- Бу шароитда мен бу ерда бир йил қолишим мумкин. Лекин...
- Лекин, нима?
- Мен нимани чизаман? Тушундимки, сизларнинг нуқтаи назарингиздан мен жуда хунук эканман, сизнинг гўзаллик мезонларингизга мослашиш мен учун қийин кечса керак... Айтмоқчиманки, бу ерда мен учун дўст орттириш имконсиз бўлади. Демоқчиманки...
- Сиз рози бўлгунга қадар, ҳушсиз ҳолатда бўлганингизда биз зарур чораларни кўриб қўйдик. Бизнинг коинотдаги энг яхши эстетик жарроҳларимиз бор. Орқангиздаги ойнага қаранг.
Билл орқасига ўгирилди. У яна ҳушидан кетди...
Унга расмга диққатини қаратиш учун битта бош, чизмани бир вақтнинг ўзида ҳар томондан кузатиш учун олтита кўз етарли эди. Иккинчи боши ўсиб бораётган банкдаги ҳисобрақами ва сайёрадаги машҳурлиги ҳақида ўйларди. Бу машҳурликни Ерга ўтказиб бўлмаслиги у афсусланадиган ягона нарса эди. Учинчи боши эса ундан тез-тез хабар олиб турадиган император билан суҳбатлашарди.
- Ҳа, - деди император. - Бир йилги муддат эртага тугайди, лекин умид қиламанки, биз сизни қолишга кўндира оламиз, сизнинг шартларингиз асосида, албатта. Мавқеингиздан фойдаланмоқчи эмасмиз ва эстетик жарроҳларимиз сиз айтишингиз билан асл қиёфангизни тиклашга шай турибди.
Билл Кэрриган кўкрагининг ўртасида жойлашган бутун оғзи билан жилмайиб қўйди. Уни шунчалик қадрлашлари бунчалик ёқимли бўлмаса! У ҳозиргина биргина ушбу сайёрада тизимдаги бошқа сайёраларга экспортини ҳисобга олмаганда, адади 10 миллион нусхадан ошган ўзининг тўртинчи расмлар тўпламини нашр этган эди. Пул ҳеч нарса эмас, унинг пули шунчалик кўп эдики, у барибир уларни сарфлай олмасди. Битта бош ўрнига учта бошга эгалик қилиш қанчалик қулай!
Унинг биринчи боши котибадан ниманидир сўрамоқчи бўлиб, кўзларини чизмадан узди. У жуда чиройли эди. Билл бу ҳақда унга ҳеч нарса демади, чунки ҳали қандай қарорга келишини билмай турарди.
Унинг иккинчи боши бир пайтлар ер юзида таниган қиз ҳақида бир зум ўйлади ва бирдан сесканиб кетди – у жуда жирканч эди.
Императорнинг бошларидан бири деярли тугаётган чизмага қараб турар, оғзи эса кулиб турарди... Ҳа, улар Биллни қадрлашади, қадрланиш қандай ажойиб.
- Азизим! - деди Биллнинг учинчи боши императорга қараб. – Ўйлаб кўраман. Ҳа, мен бу ҳақда ўйлаб кўраман!
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.