Мутолаа: Кунларнинг бирида. Ҳикоя
Габриэль Гарсиа Маркес
Ёғингарчиликсиз келган илиқ душанба тонги ҳам ўтди. У қадар юқори малакали бўлмаган тиш доктори Аурелио Эсковер жуда эрта уйғониб, соат олтида офисини очди. У ҳанузгача шакл берилишини кутиб ётган нотўғри тишларни шиша идиш ичидан олиб пластир қолипга солиб кўра бошлади.
Кўрсатилган тартиб бўйича ишлаш учун ўлчов асбобларини стол устига қўйди. У ёқасиз йўл-йўл кўйлак кийиб олган, бўйни тилла илматугма билан ёпилган ва бунга қўшимча равишда боғичли боғлама тақиб олгани учун нафаси нақ бўғилиб қолаёзгандек эди. У қад-қомати тик ва озғиндан келган бўлиб, шу кўринишида бир наъви кар-соқов одамдек таассурот қолдирарди. У одатда нарсаларини тартибга солаётганида, тиш дрилини дентал стул ёнига итариб борар ва нотўғри тишларга у билан сайқал берарди. Гарчи у кўринишидан ҳеч нарсани ўйламаётгандек туюлар, тиш дрили унга керак бўлмаганда ҳам уни оёқлари билан тўхтовсиз босиб ишлатарди.
Соат саккиздан ўтгандагина деразадан осмонга тикилиш учун озгина вақт ишини тўхтатди. Ташқарига афтода боқаркан, қўшни уй эшиги юқорисида қуёш тафтида ўзини қуритаётгандек ўйчан турган иккита бургутга кўзи тушди. Афтидан тушдан кейин яна ёмғир ёғса керак деган ўйда у ишини давом эттира бошлади. Ўн бир ёшли ўғли чинқироқ овоз билан уни фикридан чалғитди:
– Ота!!!
– Нима?
– Майор, сиз уни тишини олиб қўя оласизми ёки йўқми, шуни билмоқчилар?
– Мени бу ерда эмаслар деб айт.
Аурелио Эсковер тилла тишга оро бераётган эди. У тишни қўлида ушлаб туриб ярим ёпиқ кўз билан текширарди. Шу пайт ўғли нариги хонадан яна қичқириб келди.
– Улар айтдики, сиз шу ерда экансиз, чунки, овозингизни эшитибдилар.
У бир муддатга тишни текшириб турди. Ишини тугатгандан сўнг, қўлидагиларни стол устига қўйди-да, деди:
– Жуда яхши бўлибди-да.
Аурелио Эсковер тиш дрилини яна қайта ишлата бошлади. Нарсаларини сақлайдиган жавон қутиси ичидан бир неча бўлак бридж олди ва яна тилла тишга сайқал беришни давом эттирди.
– Ота!
– Яна нима?..
– Улар ҳали ҳам ўз фикрларини ўзгартирмадилар, – сўзини давом этди бола. – Улар айтадиларки, агар сиз уларнинг тишини олиб қўймасангиз, сизни отиб ташлар эканлар.
У шошилмасдан мутлақо босиқлик билан жойидан қўзғалиб тиш дрилининг педалини босишни тўхтатди ва уни стулдан нарироқ суриб йўлдан ҳамма нарсани олиб ташлади. Сўнг хонанинг ўртасида туриб олдида ўғлига қараб деди:
– Яхши. Айт, уларга кириб мени отсинлар.
У жавон четига бир қўли билан суяниб, бир қўлида эшик қаршисидаги стулни айлантириб турарди. Майор эшик остонасида пайдо бўлди. Уни юзини чап тарафини соқоли олинган, бошқа тарафи эса аксинча, оғриқдан шишган ва чамаси беш кунлик олинмаган соқолда эди. Аурелио Эсковер унинг маъюс кўзларидан у узоқ тунларни оғриқ билан ўтказганлигини кўрди. У жавонни бармоқлари билан ёпаркан, мулойимлик билан:
– Ўтиринг, – деди.
– Хайрли кун! – деди майор.
– Хайрли кун, – истамайгина жавоб қилди у.
Керакли асбоблар стерилизация учун қайнаётган вақтда, майор ўриндиқнинг бош қўядиган жойига бошини қўйиб ўрнашиб олди ва ўзини бироз яхшироқ ҳис қилгандек бўлди, аммо ҳали-ҳамон совуқ нафас оларди. У Аурелио Эсковернинг офисига кўз югуртирди. Ёғочдан ясалган ўриндиқ, оёқ билан босиб ишлатиладиган тиш дрили, керамикадан бутилкалар ва шиша идишлар, ҳамма-ҳаммаси жуда эскирган эди. Ўриндиқ қаршисида елкагача узунликда тутилган эски мато парда турарди. Майор, доктор яқинлашаётганини кўриб, оғзини йиртгудек очди. Аурелио Эсковер уни бошини чироқ тарафга бурди. Инфекция тушган тишни яхшилаб текширгач, эҳтиёткорлик билан қўлини букиб, майорнинг жағини ёпаркан:
– Анистезиясиз бўлади, – деди.
– Нима учун?..
– Чунки сизда маддалаган жой бор.
– Тушунарли, – деди майор докторнинг кўзларига қараб ва кулишга ҳаракат қилди.
Аурелио Эсковер бўлса, унга илжайиб ҳам қўймади. У иш столидан стирилланиб бўлган асбобларни олиб келиб, қайноқ сув ичидан бир жуфт қисқични олди. У ўз ишини шошмасдан хотиржамлик билан бажарарди. Оёқ кийимини учи билан туфдонни майорга яқинроқ жойга итариб юбораркан, қўлини ювиш учун тагига чиноқ қўйилган жўмрак ёнига борди. У ишларини ҳаммасини одатий хотиржамликда, ҳатто майорнинг юзига ҳам қарамаган ҳолда бажарарди. Бироқ майор ундан кўз узгани йўқ эди.
Беморнинг оғриётган тиши кеч ниш урган ақл тиши бўлиб чиқди. Доктор оёқларини сал очиб, иссиқ қисқич билан оғриқ тишни қисди. Майор ўриндиқ тутқичини маҳкам ушлаб олиб, оёқларида бутун кучини жамлаб, вужудини қотириб турди ва шу онда буйрагида муздек бўшлиқни ҳис қилди, бироқ бир оғиз ҳам овоз чиқармади. Доктор ишини тугатиб, майордан нарироқ туриб олди-да, хушмуомилалик билан бўлмаса-да, ҳеч қандай гинасиз деди:
– Ана энди сиз бизга йигирматалик ўлик одам расми туширилган пулдан тўлайсиз-да.
Майор жағ суякларини ғичирлаганини ҳич қилди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. У ўриндиққа оғриқ тиши олиб ташланганлигини ҳис қилмагунча нафас олмасдан ўтираверди. Ниҳоят, кўз ёшлари орқали буни ҳис қилди. Энди унга беш кунлик изтиробли тунлар бегона, чунки у азобли оғриқлардан фориғ бўлганди. Терга ботиб чарчаб қолган майор узуненгли кўйлагини тугмаларини ечиб, шимини чўнтагидан дастрўмолчасини олди. Аурелио Эсковер эса унга дастрўмолчаси ўрнига тоза мато узатаркан:
– Кўз ёшларингизни артиб олинг, – деди.
Майор докторнинг талабини зудлик билан бажо қилди. У совуқ терлашдан энди қалтирарди. Аурелио Эсковер қўл юваётганида чиноқнинг юқори бурчагида чанг босган ўргимчак тўрида болалаган ўргимчакни ва ўлик ҳашоратларни кўрди. У орқасига ўгирилиб майорга деди:
– Уйқуга ётишдан олдин намакоб билан оғзингизни чайинг.
Майор ўрнидан туриб тугмасини ҳам қадамасдан хайр дея эшик томон юраркан:
– Ҳисобни жўнатинг, – деди.
– Сизгами, ё шаҳарча маъмуриятигами? – уни пул тўламасдан чиқиб кетаётгани Аурелио Эсковернинг энсасини қотирди.
Майор ортига ҳам қарамасдан эшикни ёпди ва ташқариги ойнадан кўриниш бераркан, деди:
– Бу сизнинг саломингизга яраша алик.