Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Муолажа. Ҳажвия

Муҳаммад Очил

Остонадан ҳатлашим биланоқ, ёзиб-чизиб, қоғоз чайнаб ўтирган дўхтир йигит кўзойнаги тагидан маънодор тикилди.

— Хўш, шикоят…

— Оёқдан! — дардимни далиллаш учун эгилиб почамни шимаришга тутиндим. — Мана, қаранг…

 

— Шимни шимариш шарт эмас! — дўхтир кўзойнагини қўлига олди. — Демак, оёқ денг?!

Шундай деса-да, хона соҳиби негадир бошимга тикилди, сўнг оҳиста ҳомуза тортди.

— Жуда нозик жой экан! Ҳа-ҳа, ишонаверинг, оёқ инсон организмида муҳим таянч воситаси.

Оғриқ зўридан юзимни буриштиришга мажбур бўлдим.

— Дўхтир, илтимос, оёғимни…

Хона соҳиби кўзойнагини қайтадан тақди.

— Ҳа, нима деяпман?! Қўл, қўлтиқ, қорин эмас… мен ҳам айнан, “оёқ!” деяпман. Демак, мана бу ўринга ўтириб, қўлларни қовуштиринг. Қўлтиқни қашламанг. Қоринни эса олдинга чиқаринг…

— Дўхтир, ахир оёқ…

Хона соҳиби ниҳоят ўрнидан туриб менга яқинлашди.

— Оёқни даволаймиз! Сиз фақат шошманг. Шошган шайтонга йўлиқади. Муолажани бошлашдан олдин, демак, бутун-диққат эътиборни оёққа қаратамиз…

— Ҳайрият-э! — енгил тин олдим. — Демак, шимимни…

— Шимни шимариш шарт эмас. — Дўхтир яна мендан узоқлашиб, бу сафар нигоҳини хона деразасига қаратди. — Лекин гапларимни диққат билан эшитишингиз шарт. Акс ҳолда, муолажамиз эш бўлмайди. Менинг даволаш усулим эса…

Ёлғондан йўталишга тўғри келди.

— Дўхтир, ахир оёғим…

— Оббо! — хона соҳиби ранжиганини ифодалаш учун шашт билан кўзойнагини юлқиб олди. — Шошманг, дедим-ку! Эшитмаганмисиз, шошган шақол шатта ейди. Демак, такрорлайман, менинг муолажа услубим ўзига хос. Лекин кафолатли ва сифатли! Даволаш сўнггида бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Бунинг учун эса, энг аввало…

Ёлғондан яна йўталмоқчи ёки акса урмоқчи бўлдим-у, аммо хона соҳибининг кўзойнак ости қарашидан тилимга тушов тушди.

— Ўзингизни ана шундай тутинг. Демак, муолажамизнинг дебочаси оёқ ҳақидаги илк тадрижий маълумотларга қаратилади. Мамнуният билан айтишим лозимки, маймуннинг жуни тўкилиб, одам башара бўла бошлаган даврдаёқ оёққа зарурият кўпроқ туғилган, бошқача айтганда, пайи бақувват, илиги тўла бўлганларга омад кўпроқ кулиб боққан. Ибтидоий давр одамининг оёғи…

Оғриқ ҳар қанча азоб бермасин, хона соҳибининг бир маромдаги мудроқ бостирувчи “маърузаси”дан киприкларимга тош осилди. Қанча фурсат ўтди, билмадим. Ўзим отган хурракдан уйғониб кетдим. Хонада осойишталик. Девордаги осма соатнинг “чиқ-чиқ”ию, дўхтир йигитнинг сўзлари олис-олислардан куйдек бўлиб сизиб келарди, холос.

— …Феодал даврга келиб, оёқдан фойдаланувчиларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси, “оёқдан кам фойдаланувчилар”. Бу гуруҳга юришдан кўра кўпроқ ётишни хуш кўрувчи бой — феодаллар, қулдорлар, зодагонлар, хуллас, барча юқори табақа синф вакиллари мансуб бўлишган. Иккинчи, яъни “оёқ воситасида кун кўрувчилар”га эса турган гап қуллар, қароллар, гумашталар, оқсочлар, чўрилар, жориялар…

Дўхтирнинг эътиборини ўзимга қаратиш учун шим устидан оёғимни силадим. Қўшимчасига девордаги соатга ишора қилдим.

— Узр! Ҳалиги вақт масаласи…

Яна кўзойнак юлқиб олиниб, хона соҳиби ёвқараш қилди.

— Шошманг, дедим-ку сизга! Эшитмаганмисиз, шошган қиз…. Ундан кейин ортиқча хатти-ҳаракат, шимни шимариш ҳам шарт эмас.

Начора. Қайтадан кўз юмишга маҳкум этилганимни сездим. Қанча мудраганимни билмайман, осма соатнинг зангидан ҳушёр тортдим.

— Муолажамиз сўнггида, оёқ билан боғлиқ халқ мақолларини эслатиб қўйсам. Масалан, “Бўрини оёғи боқади, ҳадеб эмаклаб юриш кимга ёқади?”, “Чўпоннинг таёғидан, келган келиннинг оёғидан”, “Қарзни қўл билан берасан, сўнг оёқ билан югуриб…”

Соат яна бонг урди. Хона соҳиби ноилож қолгандек, жим қотди. Сўнг халатининг этагига шошиб кўзойнагини артди.

— Бўлди, вақтимиз тугади! Муолажа ҳам… Кетишингиз мумкин.

— Унда… — таажжубим янада ортди. — Оёғимнинг оғриғи нима бўлади? Ахир, даволайман деб…

— Оббо, яна шошяпсиз-а? Шошганга шапалоқ… деган нақлни эшитмаганмисиз? Ҳа, шимни ҳам шимариш шарт эмас. Қани, бир юриб кўринг-чи…

Ишониб-ишонмай хона бўйлаб икки-уч қадам ташладим. Ё, ажабо! Ростданам оёғимда оғриқдан асар қолмаганди. Аммо негадир бу дард бошимга кўчган эди…