Наврўзга пешвоз: замон янгиланади, одамлар ўзгаради, лекин халқ удумлари, анъаналари ўзгармайди
Яна она тупроқнинг қадрдон хуш исини, илиқ тафтини таратиб майин шамоллар эсди. Она ер уйғоняпти.
Қушлар қўшиғи авжида. Ўз тилларида шодон чуғурлашаётган бу еру осмон малаклари, балки қиш захридан, қаҳратон қаҳридан омон қолганлари учун яратганга шукроналик шодиёнасини изҳор этаётгандир.
Буюк мақсаду улкан ўзгаришлар, улғайишлар силсиласида кечаётган яна бир баҳор. Кечагина ола чалпоқ қор остида тўнғиб ётган тупроққа жон битди. Бир кечадаёқ кўзларни яшнатиб яшил либос кийди. Шамоллар эса завқдан ҳуштак чалиб юборди.
Кечагина дилдираган дарахтлар танида уйғониш мўъжизаси. Ҳадемай оппоқ ёки нимпушти гулдастага айланади ҳар бири. Юртимиз гуллар ифорига тўлиб кетади.
Бу – Наврўз нафаси. «Қизалоқлар Наврўз байрамига атласу адрасдан кўйлак тиктириш ҳавасида чопиб қолишди. Йигитчалар беллашишни бошлаб юборишди. Ахир Наврўз байрамида кураш мусобақалари бўлади-да. Келинчак ўсма экди. Қош ўсмадан сув ичади, кўнгил кўнгилдан. Кўчатлар экилишига мўйсафидлар бош-қош.
Баҳорнинг илк неъматлари исмалоғу ялпизлардан тайёрланиб, тандирдан узилаётган иссиқ юзли исмалоқчечак, кўксомсанинг хушбўй ҳиди димоқни ёради. Етказганига шукур. Парисифат келинчаклар сумалак тараддудида.
Токлар танига сув югурди. Ток зангида куртаклар жилмайди. Новдаларнинг сал таноби тортилиб қайчиланганда кўз ёшдай тиниқ, нордон томчилар томчилади. Қарангки, бу томчи соч ўстирар экан. Косалар тўлдирилиб қизлар, келинлар соч ювишарди.
Мажнунтолнинг нозик новдаларию барглари қирқ кокилга қўшиб ўрилади, толдай солланиб, узун бўлсин дейилади.
Давр янгиланади, замон янгиланади, одамлар ўзгаради. Лекин халқ удумлари, анъаналари ўзгармайди. Асрдан асрга, авлоддан авлодга ўтиб, бойиб, такомиллашиб бораверади.
Наврўз халқимизнинг ана шундай қайта қадр топган гўзал анъанавий миллий байрамидир. Бу байрам маънавиятимиз, миллий маданиятимиз сарчашмасининг асосий кўзларидан бири. Унинг зилол сувлари қалбимизга илҳом, куч-қувват бахш этиб, руҳиятимиз чаманини озиқлантириб тураверади.
Абдуазиз Ҳошимов.