Ношукр бўлманг, опажон!
Қўшни уйда яшовчи бу аёлни яхши танийман. Дуппа-дуруст оиласи бор. Маҳаллада ишлаб пенсияга чиққан, лекин қаерга бормасин, ким билан суҳбатлашмасин, доимо ҳаётдан, турмушидан нолийди. Арзимаган нарсаларни баҳона қилади. Шу сабабли кейинги пайтларда ҳамсоялар ҳам ундан қочадиган бўлишган.
Америкада яшовчи қизи янги телефон юборган, эрмаги шу. Ижтимоий тармоқдаги фисқ-у фасодларни айтиб, бошингизни қотиради. Айримлар "аламзада бир кимсанинг оҳу доди билан ҳаёт ёмон бўлиб қолмайди" деса-да, лекин Нусрат опа ўз билганидан қолмайди. Ё ўзини бошқалардан билимли, ақлли кўрсатмоқчи бўладими, билмадим, ҳатто биз кечагина телевизорда кўриб, асл моҳиятини англаган воқеани ҳам бутунлай бошқа нуқтаи назарда айтишдан чарчамайди.
Хуллас, бугун уйим олдидаги ўриндиқда дам олиб ўтирсам, ана шу ёқимсиз аёл келиб қолди. Қочиб кетишнинг иложи йўқ, аввалига гапларига сабр билан бироз қулоқ тутдим: яна ўша нолиш, яна ўша гап...
Тоқатим тугаб, суҳбатдошимни саволга тутдим:
- Опа, фарзандлар уйли-жойлими?
- Худога шукр, икки қизим мактабда ишлайди, бир ўғлим оиласи билан Америкада, яна биттаси лойиҳачи. Ҳаммаси уйли-жойли. Битта неварам уйда бизга қарашиб туради, коллежда ўқийди.
- Хўжайинингиз нима иш қилади?
- Электр корхонасида. Бу йил пенсия расмийлаштирди, лекин ишлаяпти, зўр мутахассисда.
- Сизга, оилангизга ҳавасим келди.
- Раҳмат, синглим. Ҳа, айтгандай, болаларим ёрдамида эрим билан ўнта мамлакатга саёҳатга бориб келдик, Америкага ҳам.
- Ўҳ-ҳу, жаҳонгашта экансизу, опажон. Ҳаётингизга кўз тегмасин...
Очиғи, шу ерга келганда ўзимни ушлаб туролмадим. Турмуши ҳавас қиларли бўлса-да, тағин нолигани нимаси?! Ўзи нимадан норози бу аёл?
- Шунчалик яхши яшаётган экансиз, замонадан яна нега нолийсиз?
- Мен нолимаяпман, синглим, фаолиятимиздаги камчилигимизни айтяпман, холос.
- Тушунмадим, қанақа камчилик? Мана, атрофимизни ободончилик ходимлари топ-тоза қилиб қўйишган бўлса, давлат хизматлари ҳамма мурожаатимизни бепул ҳал қилиб берса, идорама-идора юриб овора бўлмасак, биринчи қаватда дўконлар ишлаб турса...
- Кеча ютубда кўрдим, ҳокимият бир фермернинг ерини олиб қўйибди. Яна бир аёлнинг боласи билан кўчада қолганини кўрсатишди. Анави қўшнимиз Анварга қаранг, ҳар куни машина алмаштиради, қаердан оляпти бунча пулни?
Суҳбатдан маълум бўлдики, опа педколлежни битирган, маҳаллада котиба бўлиб ишлаб, пенсияга чиққан. Бу яқин орада газета, китоб ўқимаган, ҳатто телевизорда ахборотларни ҳам кузатмаган. Аммо овсинлар, синфдошлар, дугоналар "гап"идан қолмаган. Ҳатто бозорга бормаган. Хуллас, жамиятда бўлаётган янгиликлардан хабардор эмас. Шу сабабли ўзимда бор ва ўзим билган маълумотлар асосида жамиятимизда бўлаётган ўзгаришларни қувваи-ҳофизам даражасида тушунтириб бердим. Опа ҳар бир хулосамдан кейин "Йўғ-ей, мен билмабман" ёки "Қаранг-а, хабарим йўқ экан" деб қўяди. Кейин унинг аниқ иддаосига ҳам жавоб бердим.
- Фермернинг ери тортиб олинмаган, бу воқеани мен ҳам кўрдим. Ўша фермер ишни ташкил эта олмаган, ернинг умрини фойдасиз ўтказган, шунинг учун ёнидаги илғор, уддабурон фермерга қўшилган. Аммо икки фермер ўртасида чиққан арзимаган гап бутун элга ошкор этилган. Кўчада боласи билан қолган аёл масаласида ҳам адашяпсиз, чунки унинг уйи бор, фақат қайнопаси билан муносабати ёмон бўлгани учун уйига бормаяпти, ҳокимиятдан алоҳида уй сўраяпти. Агар келишмай қолган ҳамма оила аъзоларига алоҳида уй берилаверса, унда оила нима бўлади, опажон? Қўшнимиз эса дарё бўйида тош майдалагич корхона очган. Даромади яхши, негаки қурилиш ҳажми ортяпти. Маҳалламиздаги болалар спорт майдончасини ҳам у ўз маблағига қилиб берди. Пул уники, агар имкони бўлса, билган машинасини минсин, тўғрими?
Айтгандай, опажон, маҳалламиздаги дўкон эгаси ва сартарошга ҳам ўринсиз эътирозлар билдираётган экансиз. Улар хусусий тадбиркор, ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, шуни биласизми?
Опанинг паст тушганини сездим. Айрим ҳолатларда ноҳақлигини тан олди ҳам. Мен ҳам сал юмшадим.
- Энди опажон, бу ёшда шукрни ўрганинг, бировнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.
- Майли, синглим, узр, сизни ҳам безовта қилдим...
Илиққина хайрлашдик.
Кечга бориб ўша аёл телефон қилиб қолди:
- Синглим, агар вақтингиз бўлса, бизникига келинг, гаплашамиз, менга суҳбатингиз маъқул келди, кўп нарсани билиб олдим. Агар олдинроқ айтсангиз, ўз қўлим билан мастава қилиб қўяман.
Енгил тортдим. Очиғи, бу яқинда бу қадарлик ҳаловат сезмагандим.
Нарзитош Юсупова,
Самарқанд шаҳри.