Носоз автомобиллар ёнғинга сабаб бўлмоқда

Карантин қоидалари юмшатилиб, автомобилларга куннинг белгиланган вақтларида ҳаракатланишга рухсат берилди. Бу табиийки, одамларнинг узоғини енгил қилмоқда. Аммо айрим автотранспортларда электр симларининг носозлиги ва уларнинг қисқа туташуви, ёқилғи узатиш мосламасидан бензин оқиши, газ қурилмаларининг носозлиги, салонда сигарета чекиш, ёнилғи қуйиш вақтида эҳтиётсизлик оқибатида ёнғинлар содир бўлмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг 9 июнь куни соат 19:25 да Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига Самарқанд шаҳар Хўжа қишлоқ маҳалласида яшовчи Б.И. маҳаллада ҳаракатланаётган “Донг Фунг-190” русумли автомашинада ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар берган.

Соат 19:34 да воқеа жойига етиб борган 2 та ёнғин ўчириш экипажи офатни бартараф этган. Бироқ ёнғин оқибатида 2019 йилда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган, чиқинди ташишга мўлжалланган махсус автомашина бутунлай ёниб кетган.

13 июндан 14 июнга ўтар кечаси соат 23:50 да Самарқанд шаҳар Янгиқўрғон маҳалласида ҳаракатланаётган “ВАЗ-2106” русумли автомашинада ёнғин содир бўлган. Олинган хабарга асосан воқеа жойига етиб борган ёнғин ўчириш экипажи “тилсиз ёв”ни бартараф этган. Офат сабабли 1989 йилда ишлаб чиқарилган “ВАЗ-2106” атомашинанинг олд матор қисми зарарланган.

Қайд этиш лозимки, ёнғинларда ҳеч кимга тан жароҳати етмаслиги таъминланган. Суриштирувларда ёнғин автомашинадаги электр симларининг қисқа туташуви оқибатида содир бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Сирожиддин АРЗИҚУЛОВ,

Самарқанд шаҳар ФВБ инспектори, лейтенант.