Нурободда қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда
9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Энергетика вазири Aлишер Султонов ва бошқа масъул мутахассислар Нуробод туманида барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш майдонида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Президентимизнинг 2020 йил 13 майда “Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Франциянинг “Total Eren SA” компанияси билан ҳамкорликда Нуробод туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда.
Ҳозирда кириш йўлларини қуриш ва ер майдонини текислаш ишлари бошланган. Электр тармоғининг қурилиш ишлари ҳамда лойиҳа ер майдонини тўсиқлар билан ўраб чиқиш февраль ойининг охирида якунланиши кўзда тутилган. Электр станциясининг ишга туширилиши эса 2021 йилнинг тўрттинчи чорагига белгиланган.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган электр станциясининг умумий ер майдони 353 гектарни, лойиҳанинг умумий қиймати эса 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва инвестор (Франциянинг “Total Eren SA”) томонидан 100 фоиз тўғридан-тўғри молиялаштирилади.