Об-ҳаво: Қантар оғган куни Самарқандда қор ёғади
Самарқанд вилоят гидрометеорология бошқармаси бугун – 2 февраль ва кейинги уч кунда Самарқандда кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Унга кўра, шу кунлари вилоятимизда ҳаво ўзгарувчан бўлади: бугун айрим жойларга ёмғир ёғади, туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Ҳарорат кечаси 0-5, кундузи 8-13 даража илиқ бўлади.
3 февраль куни ёғингарчилик бўлмайди, 4 февралда айрим жойларга ёмғир ёғади, шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0-5, кундузи 2-7 даража илиқ бўлади.
5 февраль – деҳқонларимиз тили билан айтганда «қантар оғган» куни вилоятимизнинг айрим жойларида қор ёғади. Ҳарорат ҳам пасаяди: кечаси 7-12 даражагача, кундузи 2-7 даража совуқ бўлади.
Ота-боболаримизнинг об-ҳаво борасидаги кўп йиллик кузатишларича, далв ойи кунларига унчалик ишониб бўлмайди. Гарчи «Қантар оғса, қор турмас», дейилса-да, баъзи йиллар қаҳратон чўзилиб, қантарга изн бергиси келмайди. Зеро, тўқсоннинг турланиши ҳеч кимга сир эмас: «Мен тўқсон, бир кунимча йўқсан», деганича бор. Нима бўлганда ҳам барча қорнинг дарагидан мамнун. Ахир қор – ризқ дегани.