Олима аёллар ҳокимга ташаккур билдиришдан бошқа таклиф айтишмади

Вилоятга кадрлар тайёрлаб беришда, ҳудуднинг маънавиятига, маданиятига муносиб ҳисса қўшишда Самарқанд давлат университетининг ўрни, унинг салоҳияти ҳақида ортиқча изоҳ шарт эмас. Ушбу йирик таълим даргоҳида олималар фаолияти, ундаги таълим жараёнлари, бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни нечоғлик? Уларни қандай муаммолар қийнаяпти? Жамият ҳаётида олималар қанчалик фаол?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд давлат университетида ушбу олийгоҳнинг фаол хотин-қизлари билан учрашиб, уларнинг вилоят ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўхталар экан, жамиятда олималар ролини ошириш лозимлигини таъкидлади.

- Вилоятда 11 та олий таълим муассасаси бор, аммо бирорта ректор аёл йўқ ҳозирча, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов учрашувда. - Деканлар, кафедра мудирлари орасида аёллар сонини ошириш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Кўпинча хотин-қизлар орасида раҳбар тайинлаш ҳақида гап кетганда бунга муносиблари борми, деган савол кўндаланг қўйилади. Бор ва жуда кўп деб жавоб берган бўлардим. Фақат уларни излаш, йўналтириш лозим. Аёл киши раҳбар бўлган жойда тартиб, интизом, инсоф, адолат бўлади. Бунга кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Барча олий таълим муассасаларида, шунингдек, СамДУда ҳам етакчи, фаол, ташаббускор, билимдон хотин-қизлардан кадрлар захираси бўлиши керак.

Жамоатчилик назоратида ҳам хотин-қизларнинг ролини ошириш, ўз тизимидаги муаммоларини олиб чиқишда аёлларга хос бўлган жонкуярлик, фидойилик билан ёндашишлари бугун жуда зарур.

Учрашувда Самарқанд давлат университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Тўхлиева, педагогика факультети декани З.Раҳмонова, профессорлар М.Турсунова, КҲасановалар ўз фикр, таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Хусусан, жойларда оилавий нотинчликлар, ажримларнинг олдини олиш, чекка ҳудудларда қизларнинг таълимга қизиқишини оширишда университет олималари билан ҳамкорликни янада кенгроқ йўлга қўйиш фикрини билдиришди. Шунингдек, ногирон талабалар учун катта йўлларда шароит яратиш, олималар ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш каби таклифлар билдирилди.

Йиғилишда бугунги кунда университетда 5 нафар профессор олималар фаолият юритаётгани, 18 та факультетнинг 5 тасида аёл киши декан сифатида иш олиб борилаётгани, яна қатор талабаларнинг ютуқлари эътироф этилди. Лекин шундай катта университетда нега бор-йўғи беш нафар аёл профессор экан, илмий салоҳият нечоғлик ўзи?

СамДУ олималарининг жамоат ишига қизиқаётгани яхши, аммо ўз талабаларининг муаммоларини ҳал қилишда қандай қийинчиликлари бор? Қанча талаба қизлар ўқишни тугатгач, ишли бўляпти, қанчасида муаммо бор? Афсуски, учрашувда реал таклифлар, муаммолар янграмади.

Гулруҳ Мўминова.