"Омикрон" штамми дунёга хавф солмоқда, бизда тарқалиб кетишининг олдини олиш учун нима қилиняпти?
Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг "Омикрон" штамми хорижда тез тарқалаётгани сабаб Ўзбекистон бир неча давлатлар билан халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш)ни тўхтатилганини маълум қилди. Хўш, унинг юртимизда тарқалишининг олдини олиш учун қандай тадбирлар кўриляпти?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонга ушбу - коронавируснинг SARS-CoV-2: B.1.1.529. (Omikron) варианти кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор тадбирлар белгиланганини маълум қилди.
Вируслар - оддий, ҳужайрасиз организмлар, уларда ўзгарувчанлик юзага келиши табиий ҳол. Масалан, ҳозиргача коронавируснинг қўзғатувчиси, яъни SARS-CoV-2нинг 7 мингдан зиёд мутацияга учраган штаммлари аниқлаган. "Omiсron" ҳам шулардан бири.
Юртимизга коронавируснинг турли штаммлари ҳар сафар хориждан қайтган фуқароларимиз орқали кириб келганини ҳисобга олсак, ҳатто Жанубий Африка давлати билан бевосита авиация алоқаси мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам касалликнинг иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Ўтган даврда бизда COVID-19ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, ташҳис, даволаш ва муҳофаза қилиш бўйича юртимизда шаклланган тажрибаларни амалга оширсак, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин.
Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат.
Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим хисобланади.