Самарқанд туманида оммавий спорт турлари қандай ривожлантирилади?

Бугунги кунда Самарқанд тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 54 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Улар тасарруфида 149 та спорт майдони, 45 та спорт зали фаолият кўрсатмоқда.

Хўш улардаги аҳвол қониқарлими? Туман ҳокимлиги томонидан ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, мавжуд спорт залларининг 37 таси спорт жиҳозлари билан таъминланган. Қолганлари таъмирталаб аҳволда.

Туман ёшларини жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олиш 32,6 фоизни ташкил этмоқда.

Ўрганиш давомида спортнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти етарлича тарғиб этилмаётгани, иқтидорли спортчиларни саралаш, тайёрлаш тизими, муассасаларнинг моддий-техник базасини замон талабларига мослаштириш масалаларида муаммолар борлиги аниқланди.

Мисол учун, бугунги кунда мавжуд 11 минг 999 та спорт жиҳозларидан 4792 таси яроқли. Умуман мактабларда спорт жиҳозларига бўлган эҳтиёж 8239 тани ташкил этади.

2018-2019 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт жиҳозлари билан таъминланмаган. Мактабларда жисмоний тарбия ўқитувчилари томонидан 96 та спорт тўгараклари ташкил қилинган. Уларда 11 минг 285 нафар ўқувчи мунтазам спорт машғулотлари билан шуғулланмоқда.

Олимпия спорт турлари бўйича иқтидорли ёшларни саралаш ва спортчиларни тайёрлаш борасида стол тенниси, кураш (юнон-рим, дзюдо, эркин кураш), бокс каби спорт турларига эътибор қаратилган. Афсуски, оғир атлетика, банминтон, волейбол, баскетбол каби спорт турларининг ривожланиши ортда қолмоқда.

Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш учун туман ҳокимлиги томонидан тақвим–назорат режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда умумтаълим мактабларида спортга бўлган эътибор мунтазам ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилади. Спорт мусобақаларини ташкил этишда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, 2019-2021 йилларда 5, 25, 27, 29, 32, 35, 42, 49, 50, 51, 54-умумий ўрта таълим мактабларида давлат Дастури асосида спорт заллари қурилиши режалаштирилди.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.