Ўқитувчининг маоши нега кечикди?
UzASBO ойлик дастурий тизимининг oylikbot_uz канали ўқитувчиларнинг ноябрь ойи иш ҳақлари ҳисоблангани ҳақида маълумот кўрсатиб келаётган эди. Аммо беш кундан буён бу маош ўқитувчининг пластик картасига келиб тушмади.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида бугун мутасадди идоралар билан боғландик. Мақола тайёрланиш жараёнида, ниҳоят кечки соат 20:00 билан жомбойлик ўқитувчиларнинг пластик картасига ойлик маошлари келиб тушди.
“Агробанк”нинг Жомбой тумани филиали раҳбари Озод Ўсаровнинг маълум қилишича, банк пластик карталарининг “Ҳумо” тўлов тизимига ўтаётгани бундай ноқулайликка сабаб бўлган. Янги йилдан бошлаб, амалдаги банк карталари “Ҳумо” пластик карталарига тўлиқ алмаштирилади. Мижозлар учун кенг қулайликлар яратилади.
Туман ХТБ ҳамда банк жамоаси техник носозлик учун ўқитувчилардан узр сўрайди.
Маълумот учун, бюджет тизимида ишловчи ходимларнинг ойлик маоши ҳар ойнинг бешинчи санасигача тўлаб берилиши белгиланган.
“Жомбой тонги”.