Ўзбекистон армиясида «Жанговар взвод» ўқув йилида 11 та йўлакда бажариладиган мураккаб машқлар амалиётга татбиқ этилади (фото)
Мазкур махсус машқлар йўлаги дастлаб Марказий ҳарбий округга қарашли Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм полигонида намуна сифатида бунёд этилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
8 июнь куни Марказий ҳарбий округ қўшинларида 2020-2021 ўқув йилига бағишланган тантанали митинг бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан округ қўмондони полковник Ойбек Саидов шахсий таркибни ўқув йили билан қутлаб, махсус рейсларда шифокорлар назоратида келган ёш чақирилувчиларни ҳарбий қисмда 14 кунлик карантинга олиш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни янгича ёндашувдаги маънавий-маърифий, жанговар тайёргарлик машғулотларига жалб этиш ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбирдан сўнг Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда намуна сифатида реал замонавий жанг шароитига мослаштирилган мажмуавий махсус машқлар кўрсатиб берилди.
Округ қўмондонлиги томонидан янгича ғоя ва ташаббус асосида ташкил этилган ушбу йўлакларда ҳарбий хизматчилар жисмоний ва руҳий зўриқишларни енгиш ва душманга руҳий босим ўтказиш, гаровдагиларни якка тартибда ҳаракатланиб, озод этиш амалиёти ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, ярадорларни эвакуация қилиш чоғида тез ва аниқ ўт очиш, жуфтликда ҳаракатланиб отиш позицияларини ўзгартириш, ҳарбий тиббий тайёргарлик меъёрларини бажариш ҳамда ҳаракатланувчи нуқтадан тўғри нишонга олиш каби ўзгарувчан машқларни ўз ичига олади.
Шунингдек, белгиланган вақт ичида жангчиларга сунъий жиҳозланган шартли душман объектига сездирмай бориш, ноқонуний қуролланган гуруҳлар билан узоқ ва яқин масофада жанг қилиш ҳамда бегуноҳ асирларни озод этиш вазифаси юклатилади.
Мазкур махсус машқлар жисмоний ва руҳий чидамлиликни талаб этади. Машғулот раҳбари томонидан мураккаб машқни бажариш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳисобга олиниб, гуруҳга, якунда эса жанговар взводга баҳо берилади.
Биринчи галда, 11 та йўлакда бажариладиган мажмуавий назорат машқлари Марказий ҳарбий округ қўшинларида синовдан ўтказилмоқда. Келгусида ушбу машқлар тунги шароитга ҳам мослаштрилади ва барча полигонларда жорий этилиши кутилмоқда.