Ўзбекистондаги боғчаларда рус тили "иккинчи она тили" сифатида ўргатилиши ростми?
Ўзбекистондаги боғчаларда рус тили "иккинчи она тили" сифатида ўргатилиши ростми?
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида рус тилининг «иккинчи она тили» сифатида ўрганилишига оид хабарлар тарқалмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ушбу хабарлар нотўғри талқинда эканлиги ва ҳақиқатдан йироқлигини билдирди.
"Аслида:
- МТТлардаги таълим-тарбия жараёнида иккинчи тил ўрганилиши кўзда тутилган (тил билувчи ўқитувчининг борлиги инобатга олинган ҳолда). Ушбу иккинчи тил исталган тил, хусусан, рус тили ҳам бўлиши мумкин;
- ота-оналар истаги билан болалар таълим рус тилида олиб борилувчи ва рус тилида сўзлашувчи гуруҳларга ўтказилиши мумкин;
- таълим ўзбек тилида олиб борилувчи гуруҳларда, шунингдек, енгил, базавий кўринишда рус тилини ўрганиш, рус тилида сўзлашувчи гуруҳларда эса давлат тилини ўрганиш кўзда тутилган. Тил билувчи ўқитувчилар эса инглиз, немис, корейс ва бошқа тилларни ҳам ўргатиши мумкин.
Айни дамда МТТларда иккинчи тилни ўргатишни йўлга қўйишда ҳал қилиниши муҳим бўлиб турган масалалардан бири - болаларни иккинчи тилга ўргатувчи мутахассисларни тайёрлашдир. Айнан шу боис, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан кадрлар тайёрлаш йўналишида тинимсиз иш олиб борилмоқда. Шу жумладан, таълимни рус ва инглиз тилларида олиб бора оладиган мутахассислар Тошкентдаги Пучон университетининг филиали ҳамда очилиши 2021 йилда кутилаётган Герцен номидаги Россия педагогика университетининг филиалида тайёрланиши кўзда тутилган;
- Ўзбекистон мактабгача таълим соҳасига "иккинчи она тили" деган иборанинг киритилиши ва унинг қўлланилиши режалаштирилмаган", дейилади хабарда.