Пандемия даврида тиббиёт ходимларини рағбатлантириш тартиби ўзгарди

“Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ҳукумат қарори (583-сон, 24.09.2020 йил) қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 20 августдан:

➖ Врачлар, бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимлари, провизор-фармацевт ходимлар, дизенфектор ва кичик тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга тўланадиган махсус рағбатлантириш тўловлари кунлик тарзда ишлаш шароитига ўтказилган ҳолда, ҳар 30 кунлик давр учун 8 соатдан кам бўлмаган иш юкламасини инобатга олган ҳолда 1 ойда бир маротаба тўланади;

➖ махсус рағбатлантириш тўловлари тўланадиган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов амалга оширилмайди;

➖ ходимларга пул маблағлари банк карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.

Қарор билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга 6 фоизлик кунлик қўшимча тўлов амалга ошириладиган лавозимлар рўйхати ва 6 фоизлик кунлик қўшимча тўлов ўрнига ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари амалга ошириладиган лавозимлар рўйхати тасдиқланди.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, беморларни қабул қилиш ва чиқиш қайдномаси, товар-моддий бойликлар ҳаракатининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Веmоr.ssv.uz (http://%D0%92%D0%B5m%D0%BEr.ssv.uz)” электрон назорат дастури ишга туширилади.

Шунингдек, қарор билан махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби бўйича низом тасдиқланди.