Парламент ахборот маркази ташкил қилинади — ҳар бир депутат ОАВ ва блогерлар билан доимий жонли мулоқотда бўлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиевнинг ёзишича, кеча, 27 март куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган "Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ОАВ: очиқлик, шаффофлик, ҳамкорлик" мавзуидаги сессиядан сўнг кўтарилган масалалар юзасидан журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчиликдан кўплаб таклифлар келиб тушган.
«Биз жамиятда юз бераётган барча ислоҳотлар, долзарб масалалар, муаммоларни халқимизга ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали очиқ ва ошкора етказиш, бунда депутатларнинг янада фаол иштирокини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Бунинг учун, аввало ҳар бир депутат ОАВ вакиллари, блогерлар билан доимий жонли мулоқотда бўлишини кенг йўлга қўймоқчимиз.
Ҳозирда кенг жамоатчилик томонидан келиб тушаётган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўрганилмоқда. Мазкур таклиф ва тавсиялар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қошида Парламент ахборот марказини ташкил қилишни режалаштирдик», деб ёзган депутат.