Паст Дарғом тумани марказининг бош режаси ишлаб чиқилади
Бу ишга халқаро консультантлар жалб қилинади. Хўш нималар ўзгаради?
Биринчи навбатда Эски Жума маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массивини ташкил қилиш таклиф қилинмоқда. Бу ерда 20 та кўп қаватли уй-жой қурилади.
Уй-жойларнинг биринчи қавати ва ертўласида савдо ва сервис объектлари ташкил этилади. Энг муҳими, массивда мактаб ва болалар боғчаси бунёд этилади.
Бундан ташқари, Жума шаҳри инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 15,5 миллион долларлик марказлашган канализация хизмати ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Республика бюджети маблағлари асосида амалга ошириладиган лойиҳа доирасида Жума шаҳрида канализация хизмати билан қамров даражаси 100 фоизга етказилади.
Туманнинг 35 та маҳалласига электр билан таъминловчи "Жума" нимстанцияси 20 минг хонадон ҳамда кўплаб тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатади.
Хизмат сифатини ошириш мақсадида нимcтанциядаги 2 та 16 минг кВА кучланишли трансформаторлар 40 минг кВАлик кучланишлилари билан алмаштирилади.
Кейинги икки йилга мўлжалланган режада аҳолини уй-жойга бўлган талабидан келиб чиқиб, 12 гектар майдонда 55 та (1384 хонадон) энергия тежамкор 5-7 қаватли уйлар қуриш кўзда тутилган.
Режада, шунингдек, ҳудуд макроиқтисодий кўрсаткичлар ўсиш суръатларини таъминлаш, саноатда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш чоралари ҳам белгиланган.