Паст Дарғомда 5 миллион сўм қарздорликни тармоқдан ўчириб беришни ваъда қилган электромонтёр қўлга олинган

Бу иш иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, ДХХ Паст Дарғом тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда амалга оширилган.

Аниқланишича, туман электр таъминоти корхонаси Гўзалкент ҳудуди электромонтёри вазифасида ишловчи Д.Б. хизмат вазифасига кирмаса-да, фуқаро Д.П.ни алдаб, унинг яшаш хонадонининг электр энергиядан бўлган 5 миллион сўм қарздорлигини йўқ қилиб беришни ваъда қилган. У мазкур “хизмати” эвазига фирибгарлик орқали, тадбирда фойдаланиш учун берилган, 700 минг сўм пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан туман электр таъминоти корхонаси Гўзалкент ҳудуди электромонтёри вазифасида ишловчи Д.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси.