Паст Дарғомдаги чиқинди контейнерлари каттасига алмаштирилади

Кеча, 8 январь куни Zarnews.uz телеграм каналида Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент қўрғони, Олти қаҳрамон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг “Ҳудуддаги “Ёшлар уйи” олдига ўрнатилган чиқинди қутилари аллақачон тўлиб бўлган бўлса-да, мутасаддилар йиғилган чиқиндиларни олиб кетмаётгани” ҳолати бўйича танқидий фикрлари эълон қилинганди.

Мазкур ҳудуддаги муаммо "Тоза ҳудуд" ДУК туман филиали мутасаддилари томонидан ўрганилиб, кечанинг ўзида йиғилган чиқинди олиб чиқилди.

Эслатиб ўтамизки, ушбу ҳудудан 2019 йилнинг 30 декабрь куни чиқинди олиб кетилган. Фақат ўрганишларда маълум бўлишича, ўрнатилган 2 та чиқинди контейнери 4 та кўп қаватли уйга кичиклик қилмоқда. Тез кунларда ҳудудга каттароқ, усти ёпиладиган чиқинди контейнерлари ўрнатилади.

Уйлардан чиқадиган оқава сувларни тозалаш учун эса шартнома имзоланади.

"Тоза ҳудуд" ДУК Паст Дарғом тумани филиали.