Пахтачида сайёр қабул нега етти соат давом этди?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг шаҳар ва туманлар аҳолиси учун ўтказиб келинаётган сайёр қабули бу йил ҳам олис туманлардан бири - Пахтачидан бошланди.

Тумандаги педагогика коллежида ўтказилган қабулда вилоят ҳокими билан бирга, бошқа секторлар бошлиқлари, вилоятдаги бошқармалар ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳамда тумандаги мутасаддилар иштирок этди.

Қарийб 7 соат давом этган сайёр қабулда 496 нафар фуқаронинг мурожаати қайд этилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини электр ва газ таъминоти, йўл қурилиши, бандлик, тиббий хизмат ҳамда уй-жой масалалари ташкил этди.

- Қишлоғимизда электр энергияси таъминотида муаммолар кўп, - дейди Ҳунарманд маҳалласида яшовчи Азамат Каримов. – Трансформатор ва симёғочларни алмаштириш масаласида вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Шу йилнинг июль ойигача бу муаммо бартараф этилиши бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Вилоят ҳокимига мурожаат қилган пахтачиликлар орасида ўтган йилги сайёр қабулда ўртага ташланган муаммолар ўз вақтида ечимини топганлиги учун миннатдорлик билдириш мақсадида келган фуқаролар ҳам бўлди. Шунингдек, Истиқлол маҳалласида яшовчи Қундуз Ҳотамова ўзи ташкил этган тикувчилик цехига хотин-қизларни ишга таклиф қилиш учун сайёр қабулга келганлигини айтди.

- Тўрт мучаси соғлом одам ҳаракат қилиши керак, - дейди Қ.Ҳотамова. – Кимдандир ёрдам кутиб яшаш билан ҳаёти ўзгармайди. Бироз қийинчилик билан бўлса-да, банкдан кредит олиб, махсус иш кийимлари тайёрланадиган кичик корхонамни ташкил қилдим. Сайёр қабулга 5 нафар хотин-қизни тикувчиликка ишга қабул қилиш истагида келдим. Уларга иш унумдорлигига қараб кунига 50 минг сўмгача иш ҳақи беришим мумкин.

Пахтачи тумани ҳокими М.Ҳамдамов бу аёлнинг ташаббусини қўллаб, яна 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш шарти билан уч кун ичида 10 та тикув машинаси хариди учун 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит бериш таклифини билдирди. Тадбиркор бу таклифни қабул қилди.

- Бугунги сайёр қабул жойларда хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш масаласи кейинги пайтда ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатди, - деди Э.Турдимов. – Чунки аксарият хотин-қизлар маиший ва оилавий муаммолар бўйича мурожаат қилишди. Ахир бундай муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этса бўларди. Шунингдек, туманда газ ва электр энергияси етказиб беришда ҳам муаммолар кўплиги сезилиб турибди.

Вилоят ҳокими сайёр қабул якунида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Қабул давомида масъулларга топширилган масалаларнинг ижроси бир ҳафта ичида муҳокама этилиши белгиланган ҳолда ҳар бир ҳудудда уйма-уй юриб, аҳолининг муаммосини ўрганиш ва ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.