Пайариқлик МИБ мутасаддисининг ходимларни ҳақоратлагани бўйича хизмат текшируви бошланди
Бугун, 9 октябрь ижтимоий тармоқларда “МИБчилар ўз бошлиғининг оғзи шалоқлигидан арз қилди” мазмунида хабарлар тарқалди.
Хабарларда Мажбурий ижро бюросининг Пайариқ тумани бўлими бошлиғининг ходимларни белгиланмаган режани бажармагани учун ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани баён қилинган.
Ўрганишларда маълум бўлишича, Бюронинг Пайариқ тумани бўлими бошлиғи З.Қосимов жорий йилнинг 15 сентябрь куни соат 21:00 лар атрофида бўлим биносида 33 нафар давлат инспекторлари билан аҳоли ва улгуржи ташкилотлардан энергия ресурслари ва сув истеъмолидан бўлган ундирувларнинг аҳволи юзасидан йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда бўлим бошлиғи айрим ходимларнинг белгиланган ундирув режаларини бажармаганлигини важ қилиб, давлат инспекторларини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўлимнинг айрим ходимлари томонидан уяли телефон орқали видеоёзувга олиниб, ижтимоий тармоқларга юборилгани маълум бўлди.
Олиб борилган текширувлар натижасида Бюронинг Пайариқ тумани бўлими бошлиғи З.Қосимов содир этган номуносиб хатти-ҳаракатлари учун бўлим ходимларидан кечирим сўради.
Ҳозирда “З.Қосимов иши” юзасидан хизмат текшируви амалга оширилмоқда.
Текширув натижалари қўшимча маълум қилинади.
Мажбурий ижро бюроси.