Пиёда, машина, поезд... Ишхонага ким қандай қатнайди?
Ишга бориш учун эрта турамиз, тайёрланиб, автобус бекати, метро ёки трамвайга чиқамиз, шошилганимизда эса такси чақирамиз. Ер юзида бу жараён бошқача кечадиган шаҳарлар ва давлатлар бор.
AdMe.ru сайти сайёрамиздаги ишчилар тонгининг бошқача кўринишидан ҳайратда қолди ва бу кашфиётни биз билан баҳам кўришга шошилди.
Ла-Пас, Боливия
Боливиянинг Ла-Пас шаҳрида дунёдаги энг узун Mi Teleférico канатли осма йўли бор. У йирик Ла-Пасни унинг йўлдош шаҳри Эль-Алто билан боғлайди. Гап шундаки, шаҳарлар орасидаги тахминан 12 километрни ташкил қиладиган йўл айланма ва рельефи (паст-баландлиги) қийинлиги сабаб у ерда ҳар доим транспорт воситалари тиғизлиги кузатилади, шунинг учун ҳам осма йўл орқали ишга бориб келиш анча қулай.
Пномпень, Камбоджа
Камбоджа пойтахтида одамлар ишга бориш ёки маълум бир юкни етказиб бериш учун кўпинча унчалик замонавий бўлмаган паромда дарё бўйлаб сузиб ўтади.
Порт-о-Пренс, Гаити
Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда мактаб ўқувчилари учун жамоат транспорти сифатида юк машиналаридан фойдаланилади. Болалар юк машинадаги кабина ҳайдовчисининг ёнида ўтириб мактабга етиб боришади.
Амстердам, Нидерландия
Голландия эҳтимол энг “велосипедчи” мамлакатдир. Тасаввур қилинг-а, бу ерда одамлардан кўра велосипед кўп. Амстердам ва Гаага каби катта шаҳарларда саёҳатларнинг 70-80 фоизи велосипедда амалга оширилади. Бу ерда кенг тармоқли велойўлаклар шаклланган ва баъзи кўчаларда фақат велосипедда ҳаракатланиш мумкин. Ишга бориш учун ҳам одамлар айнан ушбу транспорт турини танлайди.
Карачи, Покистон
Покистонда одамлар йўловчилар кўпайган гавжум вақтда манзилгача нафақат автобусларда, балки уларнинг томида ҳам сайр қилишади: айтганча, томдаги йўлкира, автобус ичидагига қараганда арзонроқ. Фотосуратдаги автобус ёрқин ва қувноқ кўринади – гап шундаки, Покистонда транспорт воситаларини бўяш жуда оммабоп.
Токио, Япония
Токиода одамларнинг шаҳар четидан қатнаб ишлаши жуда оддий ҳол. Япония пойтахти метросида тиғиз соатларда жуда кўп йўловчи бўлади ва станцияларда вагонларга иложи борича кўпроқ одамларни сиғдириш учун ҳатто “шиббалаб қўювчи” махсус ходимлар туришади.
Париж, Франция
Францияда самокат ва скутерлар жуда кенг тарқалган транспорт тури бўлиб, бу ерда скутер “минган” ўқитувчи ёки банк ходими ҳеч кимни ажаблантирмайди. Дарвоқе, бу транспорт воситасида ишга бориш жуда қулай ва тез.
Коломбо, Шри-Ланка
Шри-Ланкада ҳам поезд вагонига чиқиш муаммоли. Ишга кеч қолмаслик учун кўпчилик вагон зинапоясида ҳам кетишга мажбур бўлади – одатда эшиклар ёпилмайди ва поездлар секин ҳаракатланади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.