Президент шифокорларнинг дўппосланишига бефарқ эмас экан

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини ошириш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш зарурлигини таъкидлаб, “ижтимоий тармоқларда уларга нисбатан бўлаётган зўравонликларни кўриб қоламиз, бу бизнинг менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган ҳолат, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, деганида тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди.

Ҳақиқатдан ҳам кейинги пайтда юртимизнинг турли ҳудудларида шифокорларга қўпол муносабатда бўлиш, ҳатто, зўравонлик қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда турли фикрлар билдирилмоқда. Биров қонун қабул қилиш керак деса, бошқалар бунга ҳожат йўқ, дейди.

Ана, Президентимиз ушбу ҳолатларга, баҳс-мунозараларга бефарқ эмас экан. Жамиятда худди кейинги йилларда ўқитувчиларга бўлган эътибор сингари, шифокорларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш, имтиёз ва имкониятлар бериш кераклиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг тиббий муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ихтисослашган тиббий марказлар фаолиятини такомиллаштириш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича илгари сурган ташаббус ва белгилаб берган устувор вазифалари ҳам кўнглимиздаги гап бўлди.

Гулзода НЕГМАТОВА,

Самарқанд вилояти эндокринология диспансери бош шифокори,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.