Президентимиз саволга ўрин қолдирмади

20 август куни Президентимизнинг юртимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройидан иштирок этиш насиб этди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашиши, бизнинг дардимиз, таклиф ва истакларимизни эшитиши ҳақида анча олдин хабар берилгани учун бу мулоқотга ҳар биримиз тайёргарлик кўрдик, айтар сўзларимизни кўнглимиздан ўтказдик.

Учрашувгача савол ва таклифлар, муаммолар, мурожаатлар қабул қилиниб, ҳар бир масалага ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатлар бўлганини ҳам кўрдик. Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти тадбиркорларидан тушган мингдан ортиқ муаммоларнинг асосий қисми учрашувгача ҳал этилди. Мулоқотдан бир ҳафта олдин эса Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов Самарқандга келиб, тадбиркорлар билан учрашди, таклифларимизни эшитди.

Мен ҳам ўз фаолиятим давомида дуч келаётган муаммолар, мунозарали масалалар юзасидан таклифларимни айтган эдим, инобатга олинди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузалари ҳам айнан тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар, муаммоларга ечим топиш ҳақида бўлди. Энг долзарб муаммолар тизимлаштирилиб, уларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурида биз кутганимиздан ҳам кўп масалаларга ечим бўлди.

Кредит масаласини олайлик. Бугун тадбиркорни ўйлантирадиган масалалардан энг каттаси бу – хорижий валютада кредит олиб, унга катта суммада фоиз тўлаш. Мазкур ҳолат ҳар қандай ишбилармонни, айниқса, у янги иш бошлаётган бўлса, қийин аҳволга солиб қўяди. Шунинг учун Президентимиз банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб этишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилишини айтиши биз учун жуда катта имконият бўлди.

Солиқ ҳисоботларини кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби бекор қилиниши ҳам кўнглимиздаги гап бўлди. Чунки, бугун тадбиркорлик субъектлари кун сайин кўпаймоқда, лекин ҳисобчи мутахассислар ҳар куни етишиб чиқаётгани йўқ. Бир ҳисобчи бир неча тадбиркорнинг бухгалтерия ҳужжатлари билан ишлаяпти. У ўзи билиб-билмай хато қилиши, ҳисоботларни кечиктириб топшириши мумкин. Бундан тадбиркор хабардор бўлмай ҳам қолади. Ана шундай пайтда корхонага ёки тадбиркорга катта молиявий санкция қўллаш, бизнес ривожига тўсиқ бўлади. 

Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўйиши ҳам биз учун катта қулайлик бўлди.

Ёки эндиликда тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган бино ва иншоот жойлашган ер майдонларининг хусусий мулк сифатида эътироф этилиши ҳам бизга ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятини беради. Шу пайтгача кредит олмоқчи бўлсак, бино-иншоот баҳоланиб, гаров сифатида қабул қилинарди, лекин ер ҳисобга олинмасди.

Очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари айтган яна кўп масалалар, янгиликлар барча тадбиркорларни хурсанд қилиши баробарида, ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмади. Президентимиз, керак бўлса, ҳар бир тадбиркорнинг муаммосига ечим топиб берди.

Учрашувдаги энг ҳаяжонли дамлардан бири, шубҳасиз, 20 августнинг тадбиркорлар куни деб белгилашнинг талкиф этилиши бўлди. Президентимиз шу таклифни айтганларида, очиғи, бундан қалбимиз фахрга тўлгани бир олам, ҳаяжон ва қувончи яна бир олам бўлди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган имкониятдан фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйган ишбилармон сифатида айтишим мумкинки, 2021 йилнинг 20 августи Ўзбекистон тадбиркорлари учун янги даврнинг бошланиши, тарихий кун бўлиб қолди.

Нарзиқул ХОЛИҚОВ,

Самарқанд шаҳридаги “Germes Farovon” масъулияти чекланган жамияти раҳбари.