Қачонгача ўқитувчининг обрўсини тўкамиз?

Тез-тез ижтимоий тармоқларда умумий ўрта таълим мактабларида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликлар тасвирланган лавҳалар эълон қилинмоқда. Кимдир ўқувчини, кимдир ўқитувчини қоралайди.

Менимча, бундай ҳолат вужудга келишида ҳаммамиз, хусусан, биз, жамоатчилик вакиллари айбдормиз. Бугун фарзандларимиз камолоти йўлида фидойилик кўрсатаётган ўқитувчининг ёнида туришимиз, таълим-тарбия ишига унга кўмакчи бўлишимиз лозим.

Яшириб нима қиламиз, фарзандлар таълим-тарбияси, унинг ўзини тутиши, муомаласи, кийиниши, ўқиши билан кўпчилик ота-оналар деярли қизиқмайди. Болада бирор салбий ҳолат кузатилса, албатта айбдор ўқитувчи бўлади. Қолганлар эса оппоқ.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги ўқувчи ва унинг устози билан боғлиқ кўнгилсиз воқеаларни кузатар эканман, биз, ўрта ва кекса авлод вакиллари бу воқеадан ҳозирги ёшлардек “завқланмаганлигимиз” аниқ! Негаки, ўша авлодларнинг бир вакили сифатида мен ҳам 45 йил олдин шу ўсмир каби мактаб битирувчиси эдим. Тан оламан, ўқитувчиларимдан дашном ҳам эшитганман, шапалоқ ҳам еганман. Бундай “насиба”дан биронта синфдошимнинг қуруқ қолганини эслай олмайман. Ўша даврларда ва кейинчалик ҳам дарс тайёрламаган, ножўя таъсирга эга бўлган ўқувчилар ҳеч қачон ўқитувчилар томонидан кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олинмаган. Аксинча, устозларимиз дашном берган, бир-икки огоҳлантирган. Яна такрорласак шапалоқ еганмиз. Ҳақ-ноҳақ шапалоқ есак ҳам уйга келиб, ота-онамизга айтмаганмиз. Агар уларга бу ҳақда шикоят қилганимизда улар “айб ўзингда”, деб оғзимизни ёпиб қўйишарди.

Устозларимиздан қанчалик “жабрлансак” ҳам уларнинг қаттиққўллигини, талабчанлигини, бизга нисбатан меҳру муҳаббатини ҳис қилиб турганмиз ва мана бугун ўша даврни яхши хотиралар билан эслаймиз. Шу ўринда машҳур донишманд Ҳасан Басрийнинг: “Устознинг зулми ота меҳридан афзал”, деган пурмаъно гаплари ёдга тушади. Демак, устоз ҳеч қачон шогирдига ёмон бўл, ёмон йўлдан юр, ёмон ишни қил, деган мақсадда қўл кўтармайди, койимайди. Шундай экан бугунги кунда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги оддий ҳаётий зиддиятларни чуқурлаштириб, устозларни обрўсизлантирмайлик!

Назаримда, бугунги жамиятимизда энг эъзозга, ҳурмат ва эътиборга лойиқ инсонлар ўқитувчилардир. Улар ҳақида бўлар-бўлмас гапларни гапириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали оламга ёйиб, шов-шув кўтариш яхши эмас. Чунки, ўқитувчининг қўлида бизнинг келажагимиз, халқимиз, мамлакатимиз, давлатимиз келажаги камолга етмоқда. Ҳар доим, ҳар жойда биз ўқитувчининг ёнида бўлишимиз, унинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилишимиз, уларга қалбимиздан, даврамизнинг тўридан жой беришимиз керак.

Қувондиқ Халилов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.