Қайтим нега берилмаяпти?
Эътибор берган бўлсангиз, аксарият ҳолларда аҳоли (истеъмолчилар)га товар сотиб олингач (хизматлардан фойдалангач), нақд пул билан ҳисоб-китоб жараёнида қайтим ўрнига турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут ва бошқалар)ни тутқазишади. Ёки автобусдан тушаётганингизда “Келаси сафар”, “Майда пул йўқ”, “Кейинги чиққанингизда кам тўлайсиз” каби баҳоналар билан қайтим берилмайди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
“Tezcard” тизими ишламаяпти(ми)?
Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар ҳақида гап кетганда, автобусларнинг вақтида қатнамаслиги, йўлкира ва қайтим масаласи, йўл ҳақини ўзбошимчалик билан белгилаб оладиган, ноқонуний хизмат кўрсатувчи таксилар ва шу каби муаммоларга дуч келамиз. Аммо бугун бу масалаларнинг айримларига ечим топилган бўлса-да, тизимда муаммолар юзага келмоқда.
Масалан, Самарқанд шаҳридаги барча жамоат транспортлари, яъни автобус ва трамвайлар “Tezcard” тўлов тизимидан фойдаланишга ўтказилган. Нақд пулсиз ишлайдиган тизим автобус ва трамвайда юрадиганларга маъқул келган эди. Аммо кейинги пайтда ҳайдовчи ва кондукторлар валидатор ишламаётганини баҳона қилиб, йўловчилардан нақд пул беришларини талаб қилмоқда. Бунинг устига нақд пулда қилинган тўлов учун қайтим ҳам берилмаяпти.
Яқинда бир танишим 64-йўналишдаги автобус ҳайдовчиси билан жанжаллашиб қолганини айтиб қолди. Бунга сабаб эса йўл кира ҳақини тўловчи электрон жиҳоз - “Tezcard” тизими ишламаётган экан. Бунинг устига ҳайдовчи йўловчига нисбатан нописанд муомалада бўлган ва ёнидаги кондуктор ҳам “1500 сўм берсангиз, пулингиз камайиб қоладими, эрталабдан ҳайдовчининг асабига ўйнаманг, автобус бошқаряпти авария қилиши мумкин” каби гапларни ишлатган. Автобусда валидатор бузилганлиги учун ишламаётгандир балки, лекин йўловчиларга қайтим нега қайтарилмаяпти?
Бу арзимас пул деб ўйлашингиз мумкин, аммо ҳисоблаб чиқилса, яхшигина пул бўлади. Мисол учун, бир кунда ўртача 4 марта автобусга чиқадиган одамга 100 сўмдан қайтим берилмаса, бу 400 сўм пул дегани. Бир ҳафтада 2800 сўм, бир ойда 12 минг сўм, йилига 146 минг сўм бўлади. Ахир автобусдан кунига юзлаб одам фойдаланади. Бу ҳолатга бефарқ қараб бўлмайди-ку!
50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган қайтим нақд пулда қайтарилиши керак
Яқинда супермаркетга кириб, ул-бул олдим ва пулини тўлаш учун кассага келдим. Сотувчи маҳсулотни ҳисоблагач, пулини узатдим ва 500 сўм қайтим талаб қилдим. Аммо сотувчи майда пул йўқлигини айтиб, қўлимга сақич тутқазди. Тўғриси, харидорлар кассада навбатда тургани учун сотувчи билан гап талашмадим. Аслида, 50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган қайтим нақд пулда қайтарилиши керак. Бу “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида кўрсатилган.
Ушбу қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Шу сабабли, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сотувчилари (хизмат кўрсатувчилар) олди-сотди амалга оширилгач (хизматлар кўрсатилгач), қайтим қайтариш зарурати юзага келганда, ҳеч қандай истисноларсиз ва савол-сўроқларсиз харидорга 50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган қайтимни нақд пулда қайтаришлари лозим.
- Банкларда бугунги кун талабини қондира оладиган миқдор ва ҳажмларда майда пул захираси мавжуд, - дейди вилоят Марказий банк бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдор Ҳамдамов. - Мазкур майда пулларни (50 сўмдан 500 сўмгача бўлган танга пулларни) олиш учун аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлардан банкка мурожаат қилиш талаб қилинади, холос. Aгар, савдо ва хизмат кўрсатиш обектларида нақд пулда тўловлар амалга оширилгач, қайтим ўрнига бошқа товарлар зўрлаб тиқиштирилса, қайтимни нақд майда пулда беришдан бош тортишса, Марказий банкнинг ишонч телефонларига ёки Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ва унинг филиалларига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.