Қўллари йўқ учувчи аёл: У ҳақиқатан ҳам самолётни бошқара оладими?

Жессика Кокс 1983 йилда Аризонада туғилган. Афсуски, чақалоқ иккала қўлларсиз дунёга келди. У ўсиб-улғайгани сари одамларнинг унга, унинг ота-онасига раҳми келар, қизалоқ эса асло ўксимади, у ота-онаси ёрдамида ҳамма нарсани оёқлари билан қилишни ўрганди.

Жаноб ва миссис Кокс уларнинг фарзандлари қанчалик муваффақиятга эришишини тасаввур ҳам қила олмаган эди. “У жуда кучли, - дейди Жессиканинг отаси, - унинг ҳеч қачон шикоят қилгани ёки йиғлаганини эшитганим йўқ, чунки у ҳамма каби эмас-да”.

Албатта қиз уяларди. Болалигида мактабда ўтказилган тадбирдаги концерт олдидан у ўқитувчисидан уни орқа қаторга қўйишни сўради. “Ҳеч қанақа орқа қатор йўқ, ҳамма билан бирга рақсга тушасан!”, деди ўқитувчиси. Жессика рақсга тушди ва олқишларга сазовор бўлди. У яна 14 йил давомида рақс дарсларига қатнашди ва ҳеч нарсадан қўрқмасликни ўрганди. Бироқ, тез орада у ўзига яна бошқа севимли машғулотлар топди.

10 ёшида қиз тхэквондо (тўлиқ алоқасиз таэквондо) спорт тури билан шуғуллана бошлади ва бир неча йил ўтгач, икки карра қора белбоғ эгасига айланди.

Жессика оддий мактабни тугатиб, университетга ўқишга кирди, у ерда қизнинг оёқлари билан ёзиши ҳеч кимни ажаблантирмади. Бироқ оёқлар билан ёзиш бу ғайриоддий қизнинг барча қобилияти эмаслиги сал ўтиб кишиларни ҳайратда қолдирди.

У ногиронлар учун эмас, балки оддий машинани ҳайдаш, кўз линзаларини тақиш, соч тараш, телефондан тўлиқ фойдаланиш, конфетлар ўрамини очиш ва ўзининг шахсий самолётига ёнилғи қуйиш каби ишларни қойиллатиб бажарарди.

Бу ҳам Жессика Кокснинг барча “қилмиш”лари эмас. 2005 йилдан 2008 йилгача у нафақат учувчиларни тайёрлаш курсларини тамомлаб, лицензияга эга бўлди, балки бошқа одамларга “учишни” ўргатди. Жессика ҳатто фақат битта оёғи билан самолётни бошқара оладиган шахс сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди.

Кейинчалик қиз ўз маърузалари билан АҚШ ва мамлакатдан ташқарида сафарларда чиқиш қила бошлади. 2015 йилда Жессика АҚШдаги мусобақада 40 миль (65 километр атрофида)масофани велосипедда босиб ўтди.

Жессика Кокс қийинчиликлардан қочмайдиган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам барча нарсага эришган одам. Унга қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

- Мен сўз бойлигимдан “буни қила олмайман”, “бунинг уддасидан чиқмайман”, деган ибораларни чиқариб ташладим, ахир ҳатто қўлсиз ҳам сиз тўлиқ ҳаёт кечиришингиз ва ўзингиз ёқтирган нарсаларга эришишингиз мумкин, - дейди қиз.

Айтганча, 2012 йилнинг май ойидан бери Жессикани Чемберлен хоним деб аташади. У ўз инструктори Патрик Чемберленга турмушга чиқди. Тўй Калифорниянинг Пасадена шаҳрида яқин қариндошлар ва дўстлар даврасида бўлиб ўтди. Тўйда фақат битта нозик масала ҳал қилиниши керак эди: уддабурон куёв унга дарҳол ечим топиб, никоҳ узуги ўрнига хотинининг тўпиғига нафис билагузук тақиб қўйди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.