Қўшработлик 250 киши Олмалиқдаги фабрика қурилиши учун ишга қабул қилинди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Қўшработ тумани марказида камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамда “Enter engineering Pte.Ltd.” қурилиши компанияси ходимлари ҳамкорлигида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилган эди.
Унда, дастлаб 150 нафар ишсиз фуқаро Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон металлургия комбинатининг мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаш истагини билдирган. Натижада қўшработлик масъуллар қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, у ердаги шарт-шароитларни ўрганишди.
Куни кеча қўшработлик 150 нафар ишсиз фуқаро компанияга ишга жойлаштирилди. Улар мутахассислиги бўйича ҳайдовчи, пайвандчи, электромонтёр каби ишларда фаолият бошлади.
- Кўп йиллардан бери ишсизлик муаммоси мени қийнаб келарди, - дейди Акмал Холбоев. – Бу иш айни муддао бўлди. Ишчиларнинг бу ерда ётоқхона, 3 маҳал иссиқ овқат, махсус кийим, 5 миллион сўм ойлик маош билан таъминланиши менга маъқул келди.
Шунингдек, тумандан қурилиш жараёнларида ишлаш истагини билдирган яна юз киши Олмалиққа жўнаб кетди.
Зафаржон ЖУМАНОВ.