“SAM-ANTEP-GILAM” корхонасига 1 миллиард 427 миллион сўмлик ҚҚС қайтариб берилди
Дунёда кузатилаётган COVID-19 пандемияси сабабли юзага келган карантин шароитида экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бугун республикамиз Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган инқирозга қарши чораларнинг биридир.
Айни мақсадда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан товарлар экспортига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ суммасини тадбиркорлик субъектларига қисқа вақт ичида қайтариш йўлга қўйилди.
Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган “SAM-ANTEP-GILAM” масъулияти чекланган жамияти 2020 йил январь-февраль ойларида 1,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилганлиги натижасида ҚҚС бўйича ортиқча 2,4 миллиард сўм тўлов ҳосил бўлган.
Солиқ кодексиниг 21-моддаси талабларига асосан маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида тўлаб берилган ҚҚС корхонанинг амалга оширилган экспортига пропорционал тарзда апрель ойида 1,4 миллиард сўмлик ҚҚС солиғи қайтариб берилди.
– Синовли кунларда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда, – дейди “SAM-ANTEP-GILAM” МЧЖ раҳбари Камол Абдуллаев. – Биз, тадбиркорлар яратилган бундай имкониятлардан фойдаланиб, бизнесимизни янада ривожлантиряпмиз. Шунингдек, бу сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ҳам замин яратмоқда. Тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор пировардида иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини ошириш имконини беради. Ушбу жараёнда фаол бўлиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз.
Давлат солиқ қўмитаси мутахасислари томонидан Самарқанд вилояти бўйича 29 та ҳолатда тақдим этилган аризалар тўлиқ кўриб чиқилди. Шундан 22 та ҳолатда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган 13,9 миллиард сўм корхоналарнинг ҳисоб рақамига қайтарилди. 7 та ҳолатда эса асосланмаганлиги ва хато-камчиликлар сабабли ҳужжатлар корхонага қайтарилган.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда солиқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат солиқ хизмати органлари фаолияти тубдан ўзгарди. Солиқ хизмати инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкорига айланди. Айниқса, бугунги мураккаб карантин даврида бу қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳар бир ҳалол солиқ тўловчи дилдан ҳис этмоқда.
Даврон РАВШАНОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.