Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ташкил этилган “Карьера кунлари – 2019” меҳнат ярмаркаси самарали бўлдими?

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Карьера кунлари – 2019” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

2018-2019 ўқув йилида мазкур олий ўқув юртининг бакалавриат ва магистратура босқичини 646 талаба битиради.

– Битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори М.Пўлатов. –  Шунинг учун ҳар йили ушбу ярмаркани ташкил этиш анъанага айланган. Бунда битирувчиларни саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт, банк, қишлоқ хўжалиги йўналишларида яратиладиган янги иш ўринлари билан таништириш, мутахассислигига мос касб танлашга кўмаклашиш мақсад қилинган.

Меҳнат ярмаркасида 62 та корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари 200 дан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди. Иш берувчилар томонидан корхонада яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

– Тадбирда корхоналар томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари, у ердаги меҳнат шароитлари билан танишдим, – дейди СамИСИ иқтисодиёт ва менежмент факультети 4-босқич талабаси Алимардон Давиров. – Ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи “Jomboy OIL” масъулияти чекланган жамиятидан мутахассислигим бўйича иш топдим. Ҳисобчи вазифасида ишлаш учун ташкилот билан уч томонлама шартнома имзоланди. 

Ярмаркада 195 нафар битирувчини иш билан таъминлаш бўйича уч томонлама шартномалар тузилди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.