Самарқанд транспорти: тирбандликларга нима сабаб бўляпти?

Бугун Самарқанд шаҳрининг транспорт муаммоси айтилавериб сийқаси чиққан мавзу бўлса ҳам барибир долзарблигича қолаверади. Чунки Самарқанд миллион аҳоли истиқомат қилувчи шаҳарга айлантирилмоқда. Йирик шаҳарларда эса жамоат транспорти масаласи ҳар доим ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Бугунги кунда шаҳримизнинг тор ва қинғир-қийшиқ кўчалари ёнидаги уй-жойлар «снос» қилиш эвазига бузилиб, йўлларимиз кенгайтирилиб, ободонлаштирилмоқда. Жумладан, Рудакий кўчасида ер ости туннели, Уста Умар Жўрақулов кўчасидаги йирик йўл ўтказгич, Гагарин кўчасининг Рудакий кўчаси билан кесишган қисмидаги айланма йўл, Даҳбет, Панжакент кўчаларидаги табиий газ, оқова сув ҳамда коммуникация тизимлари янгиланди. Ўзбекистон, Амир Темур кўчасида пиёдалар ва велойўлаклар қурилмоқда.        

Biz odamlarga vaqtni qaytarishda yordam beramiz». Samarqand bosh rejasi  haqida intervyu – Gazeta.uz
Фото: Газета.уз

Қайта-қайта таъмирдан чиқмаган кўчалар…

Бироқ таъмирлаш ишлари олиб борилган кўчаларни айлансангиз деярли барчасида чала кўмилган ариқ, очиқ қолган коммуникация қудуқларига дуч келасиз. Йўл четида сочилиб ётган қурилиш чиқиндилари шу атрофда қурувчилар ишлаётганидан дарак беради. Жумладан, Рудакий, Даҳбет кўчалари ёқасида бетон парчалари, оҳак ва қизилқум уюмларини кўриш мумкин. Даҳбет кўчасидан Мотрид кўчасига табиий газ ва оқова тизимлари тортилганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ яна қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳолат нафақат шу ҳудудда яшовчилар, балки жамоат транспортининг ҳаракатланишига ҳам халал бермоқда.

Кўчаларимиз обод бўлгани яхши, бироқ ҳар икки кунда қайта ковланавергани аҳолининг ғашига тегиб, ҳайдовчиларнинг хунобини оширмоқда.

- Ҳар куни эрталаб Мотрид кўчаси орқали ишга келишимда Ибн Сино кўчасига чиқиш учун қарийб 25-30 дақиқа тирбандликда туришга мажбурман, -дейди Пайариқ туманидан Соҳиб Низомов. – Чунки бу ерда 6 ойдан буён қазиш- таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Баъзида икки томонда ҳам таъмирлаш ишлари бошлаб юборишса, дардингни кимга айтишингни билмай қоласан. Минг бир азобда маҳалланинг айланма тор кўчалари билан юришга мажбур бўласан. Ахир бир кўчада иш бошлашдан олдин машиналар ҳаракатланиши учун бошқа бир кўчани соз қилиб, тайёрлаб қўйишса бўлмайдими?

 Мотрид кўчасининг М39-автомагистралга чиқиш қисмида таъмирлаш ишлари якунланганига икки ойдан ошди. Бироқ ҳалигача йўлсозлар чала ишларни тугатгани йўқ. Натижада ўйдим-чуқур асфальт йўл яна бошдан емирилиб бормоқда.

Нақдсиз тўловга қачон ўтамиз?

Август ойи анча сокин ва тартибли ўтди. Кўп йўллар берк бўлсада, жамоат транспортида жиддий муаммолар бўлгани йўқ. Бироқ ўқув йили бошлангач, яна автобусларнинг йўловчи олиш илинжида қувлашмачоқ ўйинлари, таксиларнинг бир–бирини қувиб ким ўзарга ҳайдаши кузатилмоқда. Айниқса, 66, 52, 18, 14-рақамли йўналишларда «босиб» юрган автобус ҳайдовчиларига қачон инсоф киришини ҳеч ким билмайди.

Транспортный мастер-план Самарканда

Вилоят ҳокимининг қарорига кўра, 2016 йил 1 майдан бошлаб Самарқанд шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспортида юриш йўл кира ҳақи нақд пулсиз, махсус жетонлар воситасида амалга оширишиши керак эди. Бироқ кейинчалик tezcardларга алмаштирилди. Бироқ шундан кейин ҳам «Автобусда йўловчиларга нега қайтим берилмаяпти?», «Нега, автобусларда “Teckard” тўлов тизими ишламаяпти?» деган саволлар тинмаяпти.

Шаҳардаги 52-йўналишдаги автобус йўловчилари йўл ҳақини фақат нақд пул билан тўлаб кетишмоқда. Ҳайдовчидан нега тўловни фақат нақд пулда олаётгани, нима учун электрон тўловдан фойдаланмаётганини сўрадик.

- Одамларда «Йўловчи чиптаси» йўқлиги сабабли валидатор ускунасини ишлатганим йўқ, - дейди ўзини танитишни истамаган ҳайдовчи. - Ҳали бирорта йўловчи ҳам электрон чипталаридан пул тўламоқчилигини айтмади. Ҳамма нақд пулда тўлаяпти.

Самарқанд темирйўл вокзалидан келаётган 3-йўналишли автобусда ҳам шу аҳвол. Йўловчилар янги электрон тизимдан фойдаланиб тўловларни амалга ошира олмаяпти. Чунки «Сайқал транс» МЧЖга қарашли мазкур автобус ҳайдовчиси ҳам электрон тўлов ускунасини ишлатгани йўқ.

- Ёзги таътилга чиқишдан илгари доим йўловчи чиптасини ишлатиб келганман, - дейди Паст Дарғомлик СамДУ талабаси Илҳом Каримов. – Икки кундан буён автобусга минаётган бўлсам-да, ҳали бирортасида валидатор борлигини кўрмадим. 1,5 минг сўмдан тўлаб тушишга мажбур бўляпман. Майда йўқ деб, қайтим ҳам беришмаяпти. 

“Tezcard” МЧЖ томонидан шаҳримизнинг Даҳбет, Мустақиллик, Буюк Ипак йўли, Беруний кўчаларида, шунингдек, Университет хиёбони каби 13 ҳудудда “Tezcard” йўловчи чипталари сотадиган шохобчалар ташкил этилганди. Нақд пулсиз ишлайдиган ушбу тизим доимо автобусда юрадиганларга, жумладан, талаба ва ўқувчиларга маъқул келган эди. Аммо, кейинчалик ҳайдовчи ва кондукторлар валидатор ишламаётганини баҳона қилиб, йўловчилардан нақд пул беришларини талаб қила бошлади. Айниқса, карантин даврида бу тизим бутунлай тўхтаб қолди.

«Ароқ завод – Бульвар - Паворот кетамиз»

Яна бир муаммо бор, уни ҳам муҳокама қилмаса бўлмайди. Жамоат транспортларида пул териш билан вояга етмаган ўсмирлар, соч-соқоли ўсган, афт-ангорига қараб бўлмайдиган «кондукторлар» шуғулланмоқда. Автобусни секинроқ ҳайданг десангиз балога қоласиз. Муомала маданияти йўқ. Оғзидан чиққан гаплари ҳафсалангизни пир қилади. Санитария-гигиена тартибларига риоя қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Карантин бўлишига қарамай автобусларда ниқоб тақиш ҳеч кимнинг эсига келмайди. Чунки ҳайдовчиларнинг ўзилари ҳам, ёрдамчилари ҳам ниқобсиз? Бу масаланинг ҳам ечими ҳали бери топилмаса керак.

Янги лойиҳалар тирбандлик муаммосини ҳал қила оладими?

Жорий йилдан бошлаб Транспорт вазирлиги Россиянинг SIMETRA транспорт компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳар агломерацияси ва  йўловчи транспортининг ҳаракатланишининг бош режаси устида иш олиб борди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Шаҳардаги транспорт инфратузилмаси ва транспорт оқимлари тўлиқ ўрганилди.

- Самарқанд шаҳрининг Рудакий, Панжакент, Амир Темур, Мирзо Улуғбек кўчалари, Университет хиёбони каби ўнлаб кўчаларида, бозорлар атрофларида тонгги ва кечки пайтларда катта тирбандликлар кузатилади, - дейди транспорт вазирлиги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммолари тадқиқот маркази директори Мурод Абидов. – Шаҳарда қарийб юзга яқин чорраҳа бўлиб, уларда транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси паст. Автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги сабабли йўлларнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб қатновга халақит бермоқда. Ҳайдовчилар учун маълумот берувчи белгилар етишмаслиги ёки пиёдалар учун мўлжалланган йўлакчаларнинг аксарият ҳолларда ранги ўчиб кетгани, вақтида таъмирланмаётгани каби омиллар йўл-транспорт ҳодисаларининг кўп учрашига, жамоат транспорти тизими яхши ривожланмагани эса тирбандликларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

SIMETRA транспорт компанияси ижрочи директори Кристиан Брёгернинг фикрича,  шаҳарда вақтинчалик ва рўйхатдан ўтмаган аҳоли сони анчагина. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, йўловчиларнинг 30 фоизигина жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Сабаби, жамоат транспортининг қатнов вақти оралиғи 30 дақиқадан ошиб кетиши ҳолатлари мавжуд, бу эса аҳоли учун ноқулайлик туғдиради. Шунга кўра, одамлар такси ва шахсий автотранспортдан фойдаланишни маъқул кўришади. Натижада кўчаларда турнақатор тирбандликлар пайдо бўлиб, улар ҳаракатни қийинлаштириш билан бирга, ўзидан чиқараётган зарарли моддалар таъсирида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошмоқда.

Аҳоли транспорт хизматидан қачон рози бўлади?

- Бугун кунда шаҳримизда 18 та хусусий корхонага қарашли 373 та автобус, 3538 та лицензияланган йўналишсиз такси ҳамда шаҳар атрофида эса 600 дан зиёд «Дамас» русумли автомашиналар аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жўрабек Қоржавов. – Ҳозирча Темирйўл вокзали-Сартепа йўналишида 10 та трамвай ҳаракатланмоқда. Рудакий кўчасидаги ер ости туннели фойдаланишга топширилгач, вокзалдан Сиёб бозори томонга яна 8 та трамвай йўлга тушади.

Нет такого автобуса, который не стремится стать трамваем». Интервью о  мастер-плане Самарканда – Газета.uz

Жорий йилнинг май ойида Президентимизнинг aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қарорига кўра, 2022 йил 31 декабргача бўлган муддатга эксперимент тариқасида якка тартибдаги тадбиркорларга йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди. Бироқ ҳозиргача вилоят бўйича 40 га яқин фуқаро ЯТТ бўлган бўлса, Самарқанд шаҳрида бу борада ишлар суст ташкил этилган. Чунки бу ерда 4 нафар жисмоний шахс шу тарзда такси фаолияти билан машғул.

 Сўнгги йилларда машиналар кўпайгани сари, ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Бу кўрсаткич белгиланган меъёрдан ошса, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилади. Мамлакатимизда ҳавонинг энг паст ифлосланиш кўрсаткичи Денов, Қўқон, Гулистон шаҳарлари сингари Самарқандда ҳам кузатилмоқда. Ифлослантирувчи моддалар санитар меъёрларидан ошмаган бўлса-да, соҳа ходимларининг хавотирли, огоҳликка чақирувчи чиқишларини, афсуски, кўпчилик жиддий қабул қилмаяпти. Аммо кун сайин ортиб бораётган автотранспортлардан чиқаётган зарарни камайтиришнинг йўли ҳозирча уларни ёқилғидан газга ўтказиш ва одамларга шахсий транспортда эмас, кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланиш учун қулайлик яратишдир.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.