Самарқанд вилояти бюджет маблағларидан 3 миллиард сўмдан ортиқ эркин қолдиқ шаклланган. У қандай мақсадларга йўналтирилади?

Аввал хабар қилганимиздек, бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари тасдиқланди.

Сессия ишида, шунингдек, Самарқанд вилояти бюджетининг 2020 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар вилоят бюджетининг 3 миллиард 399,3 миллион сўм эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирлар ва ажратиладиган маблағлар миқдорини тасдиқлади.

Хусусан, "Ўзбеккино" миллий агентлиги билан "101" номли илмий оммабоп, ҳужжатли ҳамда бадиий кинолойиҳани суратга олиш билан боғлиқ харажатларга 1 миллиард 544 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасига Брайль ёзувидаги адабиётларни чоп этадиган кичик босмахона ташкил этиш учун 228 миллион сўм ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, эркин қолдиқ маблағларининг қолган қисмидан Қўшработ туманидаги 6 та мактабгача таълим ташкилотини зарур мебель жиҳозлари билан таъминлаш, Жўш ҳудуди ва унга туташ ҳудудларга кўча чироқлари ўрнатиш, Пайариқ туманидаги Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини, Қўштегирмон қишлоғида ички йўл қурилиши, тумандаги ички йўлларни таъмирлаш ва шағал тош ётқизиш учун туман ободонлаштириш бошқармасига ёқилғи олиш, Паст Дарғом туманида ҳам шу каби ишлар учун тегишлича маблағлар ажратилади.

Бундан ташқари, сессия қарорида бир қатор маданий тадбирларни молиялаштириш белгилаб қўйилди.

Вилоят бюджетининг қўшимча манбаларидан маблағ ажратилган ташкилотлар раҳбарларига ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳамда эришилган натижалар тўғрисида Кенгашга ҳисоботларни тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси, вилоят ғазначилик ва давлат молиявий назорат бошқармаларига ажратиладиган маблағларни мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.