“Самарқанд вилояти ҳокими! Мен исмингизни билмайман, лекин Сиздан миннатдорман”
5 февраль куни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг телеграм рақамига ижтимоий фаол фуқаролар томонидан Самарқанд шаҳрида турар жойи бўлмаган, кўп қаватли уйлар йўлаги ва ертўласида яшаб юрган Геннадий Хабировнинг видеомурожаати йўлланди.
Г.Хабировнинг маълум қилишича, у Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсган. Оиласи, фарзанду набиралари бўлган. Аммо оила иқтисодий қийналиб қолгач, пул топиш мақсадида бир неча йил олдин Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетган. Орадан бир йил ўтгач, бу оилага Г.Хабиров Россияда вафот этди, деган хабар келган.
Бу ёлғон маълумотни Геннадий Хабировнинг юраги хаста хотини кўтаролмаган ва тез орада вафот этган. Шундан сўнг, фарзандлар энди ота-онамиз йўқ, деб Самарқанддаги уй-жойини сотиб, Россияга кўчиб кетган.
– Мен эса Санкт-Петербургда ўзим ўйлаганимдек ишлаб пул тополмадим, – дейди Г.Хабиров ўз мурожаатида. – Бунинг устига вақтинча яшаб турган турар жойимга ўт тушиб, ҳамма ҳужжатларим ёниб кетди. Сўнгра элчихона кўмагида вақтинчалик ҳужжат олиб Самарқандга қайтиб келдим. Бу пайтда болаларим уй-жойни сотиб, Россияга кетиб қолишган экан. Улар ҳозир ҳам мени тириклигимни билмаслиги мумкин.
Ушбу мурожаат мутасаддиларга юборилиб, зудлик билан Г.Хабиров топилди ва Самарқанд шаҳридаги “Саховат уйи”га жойлаштирилди. Шундан сўнг у яна вилоят ҳокимига видеомурожаат йўллаб, унга миннатдорлик билдирди.
– Ҳурматли Самарқад вилояти ҳокими! Сизга мурожаатимдан сўнг, мени қариялар уйига келтириб жойлаштиришди. Ҳозир ҳаммаси жойида. Мен исмингизни ҳам билмайман, лекин Сиздан миннатдорман.
Масъулларнинг билдиришича, ҳозирда Г.Хабировнинг фарзандларини топиш ва улар билан боғланиш чоралари кўрилмоқда.