Самарқандда ИИБ ходимининг “боди камера”сини юлиб олган фуқарога 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Самарқанд вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори, сафдор Ф.Абдусаматов 2020 йил 11 февраль куни Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек, Спитаменшоҳ ва Беруний кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтида Паст Дарғом тумани Галаботир маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро А.Ж. бошқарувида бўлган “Дамас” русумли автомашинасини йўл ҳаракати қоидасининг 91-банди талабларини қўпол равишда бузиб, “тўхташ тақиқланган” йўл белгиси олдида сабабсиз тўхтаб турганлиги учун ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузган.

Бу вақтда ҳайдовчи ЙПХ инспекторидан маъмурий баённома тузмаслигини талаб қилиб, унинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган. Бу ҳам етмагандек, ходимнинг эгнидаги хизмат кийимига ўрнатилган “боди камера”ни юлиб олган.

Ҳайдовчи Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБга олиб келиниб, унга нисбатан йўл ҳаракат қоидаларининг 91 ва 7-бандлари (тўхтаб туриш ва автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариш) талабларини қўпол равишда бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ҳайдовчига нисбатан ички ишлар органлари ходимининг фаолиятига фаол қаршилик кўрсатганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Самарқанд шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судига юборилди.

Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича судининг қарорига асосан А.Ж. МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фуқаро суд жараёнида ўзининг айбини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, кечирим сўради. Бироқ ғалвир сувдан кўтарилган эди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.