Самарқандда карантин пайтида автоҳалокат, тан жароҳати етказиш оқибатидаги хасталиклар учрамаяпти

Инсон вужуди карантинга қараб ўтирмайди, оғриб қолса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Айниқса, шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган хасталикларни даволаш учун, бугун бошқа соҳа вакиллари уйда ўтириб, масофадан ишлаётган бир пайтда, шифокорлар ўз хизмат вазифаларини шифохоналарда, иш жойларида бажармоқдалар.

Карантин пайтида республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали қай тарзда иш олиб бормоқда?

– Шифохонамиздаги барча ишлар айни кунларда юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, аниқ талаблар асосида олиб борилмоқда, – дейди  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали бош врачи Баҳодир Эгамов. –  Муассасага кириш фақат битта дарвозадан амалга оширилмоқда. Шахсий автомобилларда келтирилган беморлар дарвоза олдида шифокорлар назорати остида махсус машиналарда, дезинфекция ишлари зудлик билан амалга оширилгач, олиб кирилмоқда. Келаётган ҳар бир беморнинг ҳарорати ўлчаниб, сўнг текширувлар амалга оширилади. Беморларнинг яқинларига шифохона ҳудудига кириши қатъиян ман этилган. Беморлар асосан “103” чақируви билан келаётир. Тегишли тиббиёт жиҳозлари ва мутахассислар бўлмаган ҳолатлардагина туман ва вилоятнинг бошқа шаҳарларидан беморлар тиббиёт бирлашмаси йўлланмаси билан даволаниш учун келмоқда. Бунинг учун ҳеч қандай тақиқ йўқ. Айни пайтда 350 кишига мўлжалланган шифохонада юзга яқин бемор даволанмоқда. Бу транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши туфайли бошқа вилоятлар вакиллари келиши ҳолати камайганлиги билан изоҳланса-да, аммо бошқа сабаблари ҳам мавжуд. Мисол учун, бундан бир неча ҳафта илгари марказга қарийб ҳар куни автоҳалокат натижасида оғир ҳолатда келадиган беморлар сони 3-4 нафарни ташкил қиларди. Шунингдек, жанжаллашиш оқибатида бир-бирига оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳам ҳар куни учраб турарди. Кейинги ҳафтада бу каби оғир ҳолатлар билан марказга умуман мурожаат бўлмади. Ресторан, турли кўнгилочар масканларнинг ишламаётгани туфайли спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ ичиш, тўйиб овқатланиш натижасида келиб чиқадиган хасталиклар шу ҳафтада қайд этилмади.

Яна бир турдаги, илгари жуда кўп учрайдиган ҳолат, яъни инфаркт, инсульт ҳолатлари, қон босимининг кескин кўтарилиши хам кескин камайди.

Бош шифокор айтган ўзаро жанжаллар, автоҳалокатлар туфайли келиб чиқадиган ҳолатлар камайгани сабабини тушунса бўлар. Аммо қон босими кўтарилиши, юрак фаолияти билан боғлиқ хасталиклар камайиши айни пайтдаги вазиятга нечоғлик боғлиқ? Б.Эгамов бу саволимизга «эҳтимол, бу оила аъзоларининг уйда, хотиржамликда эканидандир» деб жавоб берди.

Оила даврасида вақт ўтказиш, фарзанд, неваралар билан мулоқот ҳам киши саломатлигида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, ҳозирча мутахассис тавсияларидан ўрин олмагандир. Лекин эндиликда оила даврасининг инсон саломатлиги учун нечоғлик аҳамиятлилиги алоҳида тадқиқ этилар.

Дарвоқе, шифохонада тана ҳарорати баланд беморлар учун махсус изоляцион палаталар ҳам ташкил этилган бўлиб, ҳозиргача худди шундай етти нафар беморнинг қон таҳлиллари коронавирусга текшириш учун махсус лабораторияга жўнатилган. Натижа манфий чиққан.

  Гулруҳ МЎМИНОВА.